Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фожиа ва сабоқ: Ўтган асрда Бухоронинг қадимий деворлари нега қулатилган?
09:17 / 2025-11-22

Бир пайтлар Бухоро шаҳрини душман ҳамлаларидан асраб турган, узунлиги 12 чақиримга чўзилган ва 110 та ҳайбатли буржга эга бўлган мудофаа девори мавжуд эди.

Бироқ ҳозир бу улуғвор истеҳкомдан фақат кичик парчаларгина қолган, холос. Лекин бир аср олдин ҳам бу деворлар шаҳарнинг виқори, унинг хавфсизлик кафолати ва меъморий мўъжизаси эди. Тарих китобларида кўпинча бунёдкорлик ҳақида ёзилади, аммо бугун биз сизга яқин ўтмишда содир бўлган, “замонавийлаштириш” ниқоби остидаги вайронкорлик ҳақида сўз юритамиз. 

Бухоронинг мудофаа тизими тарихи минг йиллар қаърига, афсонавий ҳукмдор Афросиёб замонига бориб тақалади. Манбаларда келтирилишича, илк ислом даврида шаҳар майдони 33-35 гектар бўлган. Бироқ, шаҳар кенгайгани сари унинг ҳимоя қалқони ҳам мустаҳкамланиб борган. Айниқса, XVI асрда Шайбонийлар сулоласи вакиллари – Абдулазизхон ибн Убайдуллахон ва кейинчалик шавкатли ҳукмдор Абдуллахон ибн Искандархон даврида амалга оширилган ишлар таҳсинга сазовордир. Абдуллахон шаҳар деворларини мустаҳкамлаб, ғарбий қисмини кенгайтиради ва унинг узунлигини 12 чақиримга (тахминан 12 км) етказади.

Тасаввур қилинг, баландлиги 10 метр, қалинлиги 5 метр бўлган улкан девор! У тўғри тўртбурчак шаклида эмас, балки шаҳар рельефига мослашган ҳолда, кўплаб бўртиқ ва қавариқ ўринларга эга мураккаб геометрик тузилишда эди. Бу улкан иншоот 650-700 гектарлик шаҳар ҳудудини ўз бағрига олган. Девор бўйлаб ўрнатилган 110 та бурж эса ҳимоя имкониятларини мукаммал даражага олиб чиққан. Бу шунчаки девор эмас, балки ўрта аср ҳарбий-муҳандислик санъатининг ноёб намунаси эди. ХХ аср бошларида ҳам бу деворлар ҳали бус-бутун бўлиб, Бухоронинг тарихий қиёфасини тўлиқ акс эттириб турарди.

Аммо тарих чархпалаги айланиб, шўролар даври бошлангач, бу қадимий ёдгорликка нисбатан муносабат тубдан ўзгарди. Тарихчи Абдусаттор Жуманазар ўз асарида бу жараённи чуқур изтироб билан тасвирлайди. 1950-йилларда, Иккинчи жаҳон урушидан кейинги тикланиш даврида, “шаҳарни кенгайтириш” ва “эскилик сарқитларидан қутулиш” шиорлари остида миллат тарихига болта урилди. Коммунистик мафкура таъсирида тузилган махсус зарбдор комсомол отрядлари дам олиш кунлари “ҳашар” йўли билан асрлар давомида аждодларни ҳимоя қилган деворларни қулатишга сафарбар қилинди.

Археолог Рустам Сулаймоновнинг гувоҳлик беришича, нафақат Бухоро, балки Қарши шаҳрининг мудофаа деворлари ҳам айни шу сценарий асосида йўқ қилинган. Қулатилган деворларнинг тупроғи ва чиқиндилар билан тарихий ҳимоя хандақлари тўлдириб ташланган. 1952 йилнинг ёзида Ҳазрати Имомдан Самарқанд дарвозасигача бўлган деворнинг охирги қисми тизимли портлатиш йўли билан йўқ қилинади. Шунчаки турар-жой қуриш ёки йўл очиш баҳонасида, ҳеч кимга зиён етказмай турган, аксинча, улкан сайёҳлик ва тарихий салоҳиятга эга бўлган ёдгорлик ер билан яксон этилди.

Бугунги кунда Хитой ўз “Буюк девори”ни дунёга кўз-кўз қилиб, миллионлаб сайёҳларни жалб қилаётган бир пайтда, биз ўз “Буюк деворимиз”ни ўз қўлимиз билан (гарчи мафкуравий босим остида бўлса ҳам) йўқ қилганимизни англаш оғир. Агар ўша деворлар сақлаб қолинганда эди, бугун Бухоронинг тарихий майдони тасмадаги тасвир каби аниқ, 700 гектарлик яхлит музей-шаҳар сифатида намоён бўларди. 1947 йилдан Бухорони ўрганган этнограф О.А.Сухарёва ҳам бу вайронагарчиликка жиддий эътибор қаратмагани, илмий жамоатчиликнинг ўша пайтдаги ожизлигини кўрсатади.

Бухоро деворларининг қисмати – бугунги кун учун жиддий огоҳлантиришдир. Моддий тараққиёт ёки “ободонлаштириш” ҳеч қачон тарихий хотирани ўчириш ҳисобига амалга оширилмаслиги керак. Афросиёб асос солган, Абдуллахон юксалтирган бу истеҳкомларнинг пойдеворлари ҳали ҳам ер остида сақланиб қолган бўлиши мумкин. Балки бир кун келиб, замонавий археология ва миллатпарварлик руҳи уйғунлашиб, ушбу деворларнинг ҳеч бўлмаганда рамзий қисмлари қайта тикланар? Зеро, тарихга эҳтиром – келажак пойдеворидир.

Алишер Эгамбердиев, ЎзА