Фойдаланувчига топширилмаган уй учун тўланган маблағ фуқарога қайтарилиши керакми?
Бу масала Ўзбекистон Республикасидаги фуқаролик, уй-жой ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Агар фуқаро қурилиш ёки уй-жой хариди шартномаси асосида муайян маблағ тўлаган бўлса, аммо уй белгиланган муддатда топширилмаган, фойдаланишга имкон берилмаган ёки қурилиш тугатилмаган бўлса, бу ҳолатда фуқаронинг ҳуқуқлари бузилган ҳисобланади ва у тўлаган маблағини қайтариб олишга ҳақлидир.
Рақобат қўмитасига фуқаро И.К. қурилиш ташкилоти томонидан ҳуқуқлари бузилаётгани, яъни белгиланган муддатда унга икки хонали уй фойдаланишга топширилмаётгани юзасидан мурожаат қилган.
Мурожаат юзасидан олиб борилган ўрганишларда фуқаро Тошкент шаҳар, Ал-Хоразмий кўчасида қурилаётган турар жойдан уй харид қилиш мақсадида “LONG LIVED BUILDINGS” МЧЖ билан 2021 йил 24 сентябрда шартнома имзолагани, аммо мазкур уйни ололмаётгани маълум бўлди.
Хусусан, шартнома шартларига мувофиқ, қурилиш ташкилоти 2023 йилнинг 3-чорагида фойдаланишга топширилиши керак эди. Фуқаро ўз зиммасидаги мажбуриятларини тўлиқ бажаргани, шартномани бекор қилиб, уйга тўланган маблағини қайтариб беришларини сўраб қурилиш ташкилотига бир неча бор мурожаат қилган.
Қўмита томонидан мурожаат батафсил ўрганилиб, фуқаронинг ҳуқуқлари тикланди. Натижада, шартнома бекор қилинди ва фуқаро томонидан тўланган 414 миллион сўм маблағ қурилиш ташкилоти томонидан тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.
Н.Раҳмонова, ЎзА