Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ФОТОРЕПОРТАЖ: Тошкентда Президент соврини учун Халқаро турнир бошланди.
20:02 / 2021-11-11

Пойтахтимиздаги Халқаро шахмат академиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Халқаро турнир старт олди.

Давлатимиз раҳбарининг “Шахматни янада ривожлантириш ва оммалаштириш ҳамда шахматчилар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган мазкур турнирда 9 та мамлакатдан 100 нафардан ошиқ шахматчи иштирок этмоқда. 

Баҳсларга киришган АҚШ, Эрон, Россия, Украина, Беларусь, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон ҳамда Ўзбекистон вакиллари ўз маҳоратларини синовдан ўтказишга астойдил бел боғлашган.

[gallery-4624]

Мусобақанинг тантанали очилиш маросимидан олдин, оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани бўлиб ўтди. Халқаро турнир ташкилотчилари мусобақа, унинг ўтказилиш тартиби ҳамда пандемия туфайли талаб қилинадиган қоидалар устида тўхталиб ўтдилар. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга тўлақонли жавоб олдилар.

Очилиш маросимида туризм ва спорт вазирлиги, шахмат федерацияси вакиллари ҳамда турнир бош ҳаками сўзга чиқди. Маросимдан сўнг, блиц-турнирга рухсат берилди. Халқаро турнирда Ўзбекистон спорт шарафини гроссмейстерлар Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Жаҳонгир Воҳидов, Жавоҳир Синдаров каби ёш халқаро гроссмейстерларимиз ҳимоя қилишади. Шунингдек, ҳамюртимиз, Жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов ҳам турнир етакчилари сафидан ўрин олган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Халқаро турнири Ўзбекистонда ўтказилаётган бешта халқаро турнирдан бири саналади.

Турнирнинг умумий мукофот жамғармаси 120 000 АҚШ долларини ташкил қилади.

Мусобақа 19 ноябрга қадар давом этади.

Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА