Навоий вилояти Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамкорлигида вилоятда қишлоқ хўжалиги соҳасида сувни тежаш технологиялари лойиҳалари билан журналистларни кенгроқ таништириш мақсадида Кармана туманида пресс-тур ташкил этилди.
Дастлаб иштирокчилар Кармана туманидаги "Шаҳриёр Агро Экспорт" МЧЖга тегишли бўлган 300 гектар озуқабоп маҳсулот етиштирувчи жамиятида бўлиб, Украина давлатидан ўз маблағлари ҳисобидан 408 минг АҚШ доллари эвазига олиб келинган ёмғирлатиб суғориш технологияси билан тинишди.
[gallery-2229]
Шундан сўнг иштирокчилар Карманада фаолият юритаётган “Кумушкон — 2019” фермер хўжалигида бўлиб, 97 гектар майдонда пахта, ғалла маҳсулотлари учун 2,4 млрд сўмга олиб келинган томчилатиб суғориш технологияларини ҳам кўздан кечиришди.
Шунингдек, Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан 2020 йилда вилоят бўйича жами 40 та фермер хўжаликларида 1835 гектар пахта майдонига томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган.
Жорий йилнинг 1-чораги мобайнида ҳосил учун вилоят бўйича талабгорлар ва пудратчи ташкилотлари ўртасида режадаги жами 9403 гектар ўрнига 12567 гектар томчилатиб суғориш ва 559 гектар ёмғирлатиб суғориш ишлари амалга оширилган.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА