27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни олдидан Жиззах давлат педагогика университети ахборот-ресурс марказида икки ижодий тадбир – “Объективда – Жиззах” номли фотокўргазма ҳамда “Агар мен газета ўқисам” мавзусидаги иншолар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокимлиги, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, ёзувчилар, фахрий журналистлар, умумтаълим мактаблари, техникумлар ва олий таълим муассасалари ўқитувчи, ўқувчи ва талаба-ёшлари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этишди.
“Жиззах ҳақиқати” – “Джизакская правда” газеталари таҳририяти ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг Жиззах вилоят бўлими томонидан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирнинг биринчи қисмида ушбу газеталар таҳририятида 25 йиллик иш тажрибасига эга бўлган моҳир фотомухбир, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Ботир Қудратовнинг ижодий сарҳисоби – суратлар кўргазмаси намойиш этилди.
Мазкур кўргазмада Жиззах вилоятининг фусункор табиат манзаралари, яқин ўтмиши, таниқли шахслар, деҳқону чорвадорлар, ишчию хизматчилар, оддий қишлоқ аёлларининг ҳаёти ва меҳнат фаолиятини акс эттирувчи 100 дан ортиқ фотосуратлар намойиш этилди.
[gallery-24027]
Бундан ташқари, таҳририятда 51 йил мобайнида ишлатилган фотоаппарат ва сурат ишлаш техникалари намойиши ҳам йиғилганларнинг диқққат марказида бўлди.
– 25 йиллик меҳнат фаолияти давомида, нафақат вилоят газеталари саҳифаларида, балки “Жиззах”, “Жиззах – мўъжизалар ўлкаси”, “Жиззах вилоятининг экологик ва тарихий афсоналари” каби бир қатор китоб ва китоб-альбомлари саҳифаларида ҳам Ботир Қудратовнинг олган суратлари кенг ўрин олганлигини таъкидлаб ўтган бўлардим, – дейди “Жиззах ҳақиқати” – “Джизакская правда” газеталари бош муҳаррири ўринбосари Улуғбек Даминов. –Ушбу “Объективда – Жиззах” фотокўргазмаси – бу шунчаки фотосуратлар жамланмаси эмас, балки ҳар бир суратда юртдошларимиз, қолаверса жиззахликлар қиёфаси ва қалби акс этганлигини кўришимиз мумкин.
Тадбирнинг иккинчи қисмидан “Агар мен газета ўқисам” номли иншолар танлови ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими ўрин олди. Иншолар танловига 50 дан ортиқ иш юборилган бўлиб, уларда орзу ва умидлар, танқид ва таклифлар, ҳаётга ва шу жумладан газетага бўлган меҳр ва қарашлар ҳам ўз аксини топганлигини алоҳида қайд этиш лозим.
– Иншолар танловида фақатгина Жиззах воҳасида истиқомат қилувчилар эмас, қўшни Самарқанд, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Фарғона водийсининг ўқувчи ҳамда талаба-ёшлари иштирок этишгани биз учун ҳам кутилмаган, ҳам қувончли бўлди, – дейди “Жиззах ҳақиқати” – “Джизакская правда” газеталари бош муҳаррири Баҳодир Назаров. – Ушбу иншолар танлови иштирокчилари орасида ёш, аммо катта юракли ва кенг дунёқарашга эга қалам эгалари борлиги, уларнинг ижодий ишларида ҳаётга янгича нигоҳ билан қараш устунлик қилгани бизни қувонтирди. Ёшларимизда газеталарга катта қизиқиш борлигини инобатга олиб, биз бу танловни ҳар йили, анъанавий тарзда ўтказишга қарор қилдик.
Танлов ғолиблари ташкилотчилар томонидан диплом ва турли хилдаги совғалар билан тақдирланишди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари