Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фосфорит рудасини қазиб олиш ҳажми оширилади
13:44 / 2023-07-27

Мамлакатимизда агросаноат мажмуаси эҳтиёжлари учун фосфорит рудасини қазиб олиш ҳажми йилига 2-2,5 миллион тоннага оширилади.

"Ferkensco Management Limited" инвестиция компанияси томонидан очилган "NEOFOS" нинг янги ишлаб чиқариши айнан шу ўсишни таъминлашга хизмат қилади.  

Таъкидлаш керакки, "NEOFOS"  Навоий вилоятидаги кон-бойитиш комплекси бўлиб, унинг таркибига донадор фосфоритларни қазиб олиш карьери ва фосфорит концентратини қайта ишлаш бўйича бойитиш фабрикаси киради.  

"Ferkensco Management Limited" инвестиция компанияси матбуот хизматига кўра, жорий йилда ушбу корхона томонидан Жерой-Сардара конида майдони 45,7 квадрат километр ва чуқурлиги 50 метргача бўлган карьерни ўзлаштириш ишлари бошланди.  

–Мазкур объектга 27 та йирик ускуналар жалб қилинган. Руда қатламлари горизонталь текисликда ётади ва уларнинг қалинлиги бир метргача бўлади, шунинг учун қазиб олиш очиқ усулда амалга оширилади. Дастлаб юқоридаги юз қатлами олиб ташланади, лекин «кўйлак» қолдирилади – у фосфорит қатламини махсус техникалар шикастлашидан ҳимоя қиладиган қатлам. Ўзлаштирилаётган ҳудудда руда массасини тўғридан-тўғри қазиб олишдан олдин у олиб ташланади, – деди "NEOFOS" корхонаси директори Искандар Мухторов.  

Айни пайтда бу ерда 150 нафардан ортиқ киши кон ишларида банд. Лойиҳа қувватига чиққандан сўнг "NEOFOS" ходимларининг штати 500 дан ортиқ кишига етади.  

–Бойитиш фабрикасини ишга тушириш 2023 йилнинг охирига режалаштирилган. Унинг очилишига ишлаб чиқаришни тўлиқ юклаш учун зарур бўлган руда захираси шакллантирилади. Тайёр маҳсулот (фосфорит концентрати) қурилаётган "Самарқандкимё" заводида ўғитлар учун хомашё сифатида ишлатилади. У "Ferkensco Management Limited" инвестиция компаниясининг яна бир инвестиция лойиҳасидир. 

"Самарқандкимё" кимёвий комплекси Ўзбекистонда фосфорли ўғитлар ишлаб чиқарувчи энг йирик корхона саналади. Ҳар йили ушбу корхона 910 минг тоннагача юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқаради. Бу нафақат маҳаллий фермерларнинг эҳтиёжларини қоплайди, балки экспорт бозорига чиқиб, хорижий ишлаб чиқарувчилар билан рақобатлаша олади. "NEOFOS" ишлаб чиқарган хомашё учинчи томон етказиб берувчиларига бўлган қарамликни пасайтиради ва комплекснинг узлуксиз ишлашини таъминлайди, – деди "Ferkensco Management Limited" инвестиция компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Тимур Жўраев.  

 

Н.Зиёдуллаева,  

ЎзА