Форумдан янги режалар сари
Нукусда “Ўзбекистонда ёшлар тадбиркорлиги: ҳолати ва истиқболлари” I ёш тадбиркорлар бизнес-форумининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.
Нукусда “Ўзбекистонда ёшлар тадбиркорлиги: ҳолати ва истиқболлари” I ёш тадбиркорлар бизнес-форумининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши томонидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда “Ёш тадбиркор – юртга мададкор”, “Менинг бизнес-ғоям” каби танловларда ғолибликни қўлга киритган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини бошлаган 30 га яқин ишбилармон ёш ўз лойиҳаларини тақдим этди.
Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса, ёшлар томонидан ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, уларга амалий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, ёшлар тадбиркорлигини рағбатлантириш каби истиқболли таклифлари билан 7 нафар ёш тадбиркор бизнес-форумнинг мамлакат босқичига йўлланма олди. Шуманайлик Шавкат Бобоев улардан бири. У жорий йилда “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” танловининг мамлакат босқичида ғолибликни қўлга киритиб, ўз фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча имконият ва имтиёзларга эга бўлди.
– Мамлакатимизда биз, ёш тадбиркорларга кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрлик бизни янги марралар сари ундамоқда, – дейди Ш.Бобоев. – Айниқса, бу каби тадбирлар ўз бизнес лойиҳамизни оммалаштириш учун катта имкониятлар яратади. Туманимиз марказида “Рита Исмоилова” хусусий корхонасини очиб, аҳоли дастурхонига озиқ-овқат, нон ва нон маҳсулотлари етказиб беряпмиз. Эндиги режамиз елим пакетлар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишдир. Бу билан яна бир неча тенгдошимиз ишли бўлади.