Ўзбекистон болалар ташкилоти томонидан ташкил этилган Республика болалар форуми доирасида “Ибрат фарзандлари” лойиҳасининг тақдимоти ва “Қувноқ стартлар" мусобақаси каби тадбирлар бўлиб ўтди.
Бунда айниқса, “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси болаларда катта қизиқиш уйғотди. Бугунги кунда ёшларимизга бепул таълим бўйича берилган имкониятлардан бири “Ибрат фарзандлари” лойиҳасидир. Мазкур лойиҳага 2022 йилда асос солинган бўлиб, ундан мақсад ёшларнинг хорижий тилларга бўлган қизиқишини янада ошириш ва уларга бепул сифатли таълим беришдан иборат.
“Ибрат фарзандлари” лойиҳасини YouTube платформаси орқали кузатиб бориш мумкин. Жумладан, YouTube платформасида “Ибрат фарзандлари”нинг турли тиллардан видео-дарсликлари, дарс асосида тегишли грамматик қонун-қоидалар, билимни мустаҳкамлаш учун тест саволлари жойлаштирилган.
Мазкур илова Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги тил ихлосмандларига хорижий тилларни ўргатиш, уларнинг тиллар бўйича билимларини оширишга хизмат қилмоқда.
Хусусан, 25 нафар малакали ўқитувчи томонидан рус, турк, немис, испан, хитой, корейс, япон, араб, италян, пушту ва вьетнам каби 20 дан ортиқ тиллар бўйича видео-дарсликлар тил ўрганувчиларга доимий тақдим этиб келинмоқда.
Болалар бу борада кўплаб саволларига жонли жавоб олишга эришдилар ва “Ибрат фарзандлари” лойиҳасининг иштирокчиси бўлишни мақсад қилишди.
Гулноза Бобоева, ЎзА