Маълумки, Ҳиндистон мамлакатимиз учун ишончли ҳамкор, стратегик шерик саналади. Мамлакатларимиз ўртасида, айниқса, тиббиёт соҳасида мустақкам алоқа ўрнатилган. Сўзимиз исботи сифатида кейинги йилларда бу давлатнинг йирик ва нуфузли клиникалари билан биргаликда 10 дан зиёд тиббиёт муассасаси фаолияти йўлга қўйилганини айтиш мумкин.
Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган Ўзбекистон – Ҳиндистон соғлиқни сақлаш халқаро форуми ҳам айни ишларнинг узвий давоми.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан уюштирилган ушбу нуфузли анжуманда ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, тиббий олий таълим муассасалари ва ҳудудий тиббиёт масканлари, шунингдек Ҳиндистон соғлиқни сақлаш соҳаси масъуллари, тиббиёт йўналишидаги университетлар вакиллари, етакчи хусусий тиббиёт марказлари, йирик фармацевтик корхоналар раҳбарлари иштирок этмоқда.
Қайд этиш ўринли, Ҳиндистон тиббиёти дунё рейтингида юқори ўринлардан бирини эгаллайди. Шу боис бу юртда тиббиёт туризми жадал ривожланмоқда. Юқори технологик операциялар, соҳага инновацион технологияни жалб қилиш йўналишида ҳинд мутахассислари тажрибасини ўрганиш жуда фойдали.
Давлатимиз раҳбари 2022 йил 27 январь куни бўлиб ўтган “Ҳиндистон — Марказий Осиё” биринчи саммитидаги нутқида ҳам Ҳиндистон билан таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида фаол ҳамкорлик қилиш орқали бу мамлакатнинг илғор тажрибаси, билими ва технологиясини кенг жорий қилиш асосида инсон капиталини ривожлантиришни энг биринчи стратегик устувор йўналиш сифатида эътироф этган эди.
Шундан келиб чиқиб, кейинги йилларда ҳиндистонлик ҳамкорлар билан бирга мамлакатимизда қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Форумда соғлиқни сақлаш вазири А.Иноятов иштирокчиларга мамлакатимизда тиббиёт соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бу йўналишда Ўзбекистон ва Ҳиндистон томонидан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот берди. 2022 йил Ҳиндистонинг “NEPHROCARE HEALTH” компанияси билан давлат-хусусий шериклик асосида Нукус шаҳрида 150 ўринли, Боғот ва Урганч туманларида 250 ўринли гемодиализ маркази ишга туширилиб, 12 миллион доллар миқдорида инвестиция киритилди. Ушбу компания куни кеча Тошкент шаҳрида ҳам минг ўринли гемодиализ марказини ишга туширди.
[gallery-11446]
Бундан ташқари, 2020 йилдан буён Самарқанд шаҳрида 10 миллион долларлик инвестиция ҳисобига ташкил этилган “Зармет Пратикша”нинг 180 ўринли клиникаси фаолият олиб бормоқда. Ўтган йил 10 миллион доллар сармоя ҳисобига “AAKASH” компанияси юз ўринли клиника очди.
Ҳар йили 200 дан зиёд мутахассис Ҳиндистоннинг етакчи клиникаларида малака ошириб қайтаётгани ҳам ижобий натижа. Шу йил якунига қадар 1000 нафардан кўп ўзбекистонлик тиббиёт ходимини билим ва маҳорат ошириш учун ушбу мамлакатдаги етакчи илмий-тадқиқот марказлари ва клиникаларга жўнатиш кўзда тутилган.
Ўз навбатида, соғлиқни сақлаш соҳасида Ҳиндистон билан ҳамкорликни янада чуқурлаштириш мақсадида вирусолог врачлар тайёрлаш дастурини бошлаш, аюрведа таълимоти, йога амалиёти ҳамда Ибн Сино рисолалари асосида замонавий соғлиқни сақлаш ютуқларини тўлдириб турадиган анъанавий тиббиёт усулларини жорий қилиш борасида ўзаро келишув мавжуд.
Бугунги форум мавжуд ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган яна бир муҳим қадамдир. Икки кун давом этадиган тадбирда мамлакатлар аро тиббий ҳамкорликни кенгайтириш, соҳани рақамлаштириш, тиббий туризмни ривожлантириш, инвестиция лойиҳалари қамровини кенгайтириш, тиббий таълимда қўшма дастурлар амалга ошириш муҳокама этилади, халқ табобати йўналишига доир қатор масалаларга ҳам эътибор қаратилади.
Анжуман доирасида Гужарот аюрверда университети, Субхарти тиббиёт университети, “Fortis”, “Sarvadaya” тиббиёт марказлари, “Artemis Hospitals” шифохоналар тармоғи, “Bravo Pharm Group” муассасаси вакиллари – жами 15 нафар меҳмон Ўзбекистонда тиббий таълим, шифокорлар малакасини ошириш ҳамда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун тиббиёт олий ўқув юртларимиз “Фахрий профессори” унвони билан тақдирланди.
Якунда ҳиндистонлик ҳамкорлар билан умумий қиймати 300 миллион долларга тенг 100 дан ортиқ келишув имзоланиши кутилмоқда.
Гўзал Сатторова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА