“Иқтидор” лойиҳаси доирасида бўлиб ўтаётган Ёшлар форуми Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги “Зомин” болалар оромгоҳида давом этмоқда.
Мамлакатимиздаги 17 та Меҳрибонлик уйи ва 4 та болалар шаҳарчасининг битирувчи тарбияланувчилари иштирок этаётган лойиҳа давомида турли мавзудаги семинар-тренинглар, “Қувноқ стартлар” мусобақалари, интеллектуал ўйинлар ҳамда маданий дастурлар ташкил этилмоқда. Булар ўғил-қизларнинг интеллектуал салоҳиятини, қизиқишини оширишда муҳим ўрин тутади.
– Ёшлар форуми иштирокчи ўғил-қизларимизга ҳар жиҳатдан кўтаринки кайфият, жўшқинлик, ёрқин умид бағишлаяпти, – дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Жиззах вилоят кенгаши раиси Шоҳида Даманова. – Иштирокчилар турли соҳа вакилларидан зарур маслаҳат ва кўникмаларни олишяпти. Тадбиркорлик, ҳунармандчилик, айниқса, касаначилик, тикувчилик йўналишига қизиқувчи ёшларни моддий-маънавий қўллаб-қуватлаш, уларнинг касб-ҳунарга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида мастер-класслар ўтказиляпти. “Анор ателье” раҳбари, дизайнер Дилноза Умрзоқова томонидан яратилган либослар намойиши бу йўналишга қизиққан ёшларда катта таассурот уйғотди.
Шунингдек, тадбирлар давомида Давлат тест маркази масъул ходимлари Меҳрибонлик уйлари битирувчиларининг олий таълимга қамровини ошириш, уларнинг таълим олишини рағбатлантириш, давлат томонидан улар учун ажратилган имтиёзли қабул квоталари ҳақида маълумотлар, иштирокчиларнинг олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш тартиблари ва имтиҳон топшириш қонун-қоидалари билан боғлиқ саволларига жавоблар беришди.
Имона Рўзиқулова,
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги 14-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси:
– Ушбу ёшлар форумида иштирок этиб, келажакка бўлган ишончим, орзу-мақсадларим сари интилиш истаги янада ортди. Бўш вақтларимда бадиий китоблар ўқиш билан машғул бўламан. Келгусида журналист бўлишни мақсад қилганман. Шу мақсадим йўлида бор кучим билан ҳаракат қиляпман. Форум доирасидаги мулоқотлар давомида олий таълим муассасаларига киришда давлат томонидан биз учун ажратилган имтиёзлар ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлдим. Шу маънода айтишим мумкинки, илк марта ўтказилаётган “Иқтидор” лойиҳаси бизни янада руҳлантирди.
Беҳруз Амиров,
Бўка туманидаги 15- Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси:
– Болалигимдан техникага қизиқаман. Ўзимча нималарнидир бузиб-тузиш доимий одатимга айланган. Келгусида шу йўналишда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ниятим бор. “Зомин” болалар оромгоҳи менга жуда ёқди. Бу ерда кўплаб дўстлар орттирдим. Форум доирасида ташкил этилган стол теннисида ғолиб бўлдим. Бу каби тадбирлар бизни янада руҳлантириб, келажакка бўлган умидимизни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА