Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Форум ёшлар ва талабаларга қувончли ва унутилмас дамларни ҳадя этмоқда
18:39 / 2021-06-29

Тошкент Ботаника боғида «Учинчи Ренессанс бунёдкорлари» шиори остида Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форуми ўз ишини бошлади.

30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Ўзбекистон шахмат федерацияси, Ёшлар ишлари агентлиги каби бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган форум 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларни бирлаштирдики, бу улар учун ўз истеъдоди ва кўникмаларини намоён этиши, интеллектуал ва ижодий секцияларда қатнашиши, қизиқарли лойиҳалар яратиш учун ҳамфикрлар топиш имкониятини яратмоқда.

– Бу ерда Ўзбекистоннинг энг салоҳиятли, қатъиятли, ўз соҳасининг устаси бўлган билимли ёшлари йиғилган, – деди форум очилишида Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев. – Рости, бунақа жамоани кўриб жудаям таъсирландим. Ҳар бир ёш ўз рақобатчилари билан мулоқот қилиш орқали ўзаро тажриба алмашади, ўз соҳалари ҳақида кўпроқ маълумот олади. Форум карантин талаблари доирасида ўтказилаётганини ҳисобга олиб, барчангиздан тиббий ниқоб тақишингизни сўраган бўлардим. Форумда қатнашаётганингиздан мамнунман. Келинг, кўринг, фикр алмашинг.

Муҳими, иштирокчилар учун ушбу форум ҳар томонлама фойдали бўлмоқда. Айниқса, «Яшил ташаббус» акцияси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Республика ёшлар театри актёри Шерзод Бозоров бу ҳақда ўз таассуротини баён қилди.

– Ўзим ҳам иштирокчиман. Бу ердаги турли учрашув ва тадбирлар менга манзур бўлмоқда. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бурчаги ташкил этилди. У ерда ёшларга табиатни қандай асраш кераклиги ва бу бўйича қандай қўшимча маълумотлар олиш мумкинлиги ҳақида ахборотлар жамланган. Биламизки, она табиат ва атроф-муҳитни асраб-авайлашга ҳар биримиз масъулмиз. “Яшил ташаббус” эса бизга бу борада яқин кўмакчидир, – деди у.

Бу ерда IT-компаниялар очиш, стартап-лойиҳаларни ишга туширишга оид кўникмага эга бўлиш, IT-Park вакиллари билан мулоқот қилишга қулай шароит яратилган. Айниқса, хорижий тилларни ўрганувчилар учун алоҳида майдонча ажратилган, дизайнерлар, маркетологлар, ёзувчилар билан учрашувлар, Marketing.uz, Design Club Uzbekistan, Modul 5, Biznesga Qadam лойиҳалари тақдимоти, шунингдек, робототехника ва VR-технологиялар бўйича очиқ машғулотлар ташкил этилади.

Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги бош мутахассиси Шаҳло Темированинг таъкидлашича, ёшларда чет тилларини ўрганишга бўлган қизиқишни ошириш муҳим масалалардан.

– Форум доирасида ташкил этилган Исҳоқхон Ибрат майдончасида хорижий тилларни ёшлар орасида оммалаштириш, уларнинг хорижий тилларга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида турли интерфаол ўйинлар, театр кўринишлари, бундан ташқари, бир неча хорижий тилларда гаплашадиган полиглот ёшларни йиғиб, улар ўртасида кўрик-танловлар ўтказяпмиз, – деди у.

Форум доирасида бир қатор тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Якунда эса катта гала-концерт уюштирилади.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА