Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Форум водий ёшларини бирлаштирди
13:34 / 2022-04-03

Андижонда “Кичик тарғибот – юксак натижа” шиори остида Фарғона водийси ёшлари форуми бўлиб ўтди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси “Ёшлар қаноти” ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари ёшларининг илғор ва фаол вакиллари иштирок этди.

Дастлаб форум иштирокчилари Андижон шаҳридаги “Боғи Бобур” маданият вқа истироҳат боғида бўлиб, Бобур номидаги Халқаро жамоат фонди раиси Зокиржон Машрапов билан учрашув ўтказди. Унда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, фаоллигини ошириш, уларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, ана шу имкониятлар самараси ўлароқ юртимиз ёшлари барча жабҳаларда юқори натижаларга эришаётганлиги таъкидланди. Шунингдек, “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича сўз юритилди.

Бобур Халқаро жамоат фонди раиси Зокиржон Машрапов форум қатнашчиларига буюк шоир, саркарда, йирик давлат арбоби Заҳриддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодини ўрганиш, тарғиб этиш, шунингдек, фонд томонидан олиб борилган экспедициялар, уларнинг натижалари ҳақида гапириб берди. Ёшларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди.

Форум доирасида меҳмонлар “Бобур ва жаҳон адабиёти музейи” га саёҳат қилди, музей экспонатлари билан танишди.

– Партиямиз сафида шижоатли, ташаббускор ёшлар жуда кўп, – дейди O‘zLiDeP Андижон вилояти Кенгаш раиси Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Элёрбек Ниёзов. – Яқин йиллар ичида айнан ана шу ёшларимиз нафақат  партиянинг, балки жамиятимиздаги йирик лойиҳалар, тарғибот тадбирлариларини амалга оширишда етакчи кучга айланади.

Ёшлар форуми иштирокчилари Андижон шаҳридаги “Digital City” технопаркида бўлиб, бу ерда АКТ соҳасида ёш, малакали мутахассислар тайёрлаш, инновацион лойиҳалар, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишди.

Таъкидлаш керакки, айни кунда технопаркка вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан 328 нафар мутахассис жалб этилган. Бу ерда ёшлар, тадбиркорлар, ҳунар ўрганиш истагида бўлган фуқаролар учун кенг имконият ва зарур шароитлар яратилган. Жумладан, коворкинг маркази, дата-центр, конференц-зал, кутубхона, инновацион лаборатория ва ўқув хоналари, бизнес-инкубатор, медиамарказ, киберспорт хоналари ташкил этилган. Куннинг иккинчи ярмида форум иштирокчилари Андижон шаҳридаги ”DIRROMM Textil” масъулияти чекланган жамиятининг трикотаж корхонасида бўлиб, корхона фаолияти билан яқиндан танишди.

– Корхонада яратилган шароитларга ҳар қанча ҳавас қилса арзийди, – дейди O‘zLiDeP Наманган вилояти Кенгаши фаоли, Ёшлар Парламенти аъзоси Жахонгир Рашидов. – Корхона қисқа вақт ичида салмоқли натижаларга эришганлиги таҳсинга лойиқ. Энг асосийси, корхона ишчи-хизматчиларнинг 80 фоизини ёшлар ташкил қилиши эътиборга молик.

Форум иштирокчиларининг O‘zLiDeP Андижон вилояти Кенгаши қошидаги “Келажак депутатлари” гуруҳи аъзолари, ёш ижодкорлар, ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган фаол йигит-қизлар билан ўтказган мулоқоти самимий кечди. Мулоқотда O‘zLiDeP Андижон вилояти Кенгаши раиси Хуршидахон Халилова форумнинг мақсади, аҳамияти, мамлакатимизда ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, партиянинг ёш авлодни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалари хусусида гапирди.

Форум доирасида ўтказилган тадбирлар ёшларда унутилмас таассуротлар қолдирди.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА