Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Форум паррандачилик йўналишида йирик келишувлар платформаси вазифасини бажарди
21:53 / 2023-12-14

Паррандачиликда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар тажрибасини ошириш, соҳага инновацияларни жалб қилиш, дунё миқёсидаги шу йўналишга доир янгиликларни таҳлил қилиб бориш муҳим саналади.

Яқинда йигирмага яқин мамлакатдан юздан ортиқ йирик паррандачилик корхоналари вакиллари, илғор хорижий компаниялар, тўрт юздан ортиқ маҳаллий тадбиркорлар ўртасида турли даражадаги келишувларга эришилди.  

“Паррандасаноат” уюшмаси томонидан ҳар йили “Ўзбекистон паррандачиларининг халқаро форуми”ни ташкил этиш анъанага айланган. Яқинда ушбу форумнинг навбатдагиси юқори савияда ташкил этилди. Бу каби тадбирлар соҳага доир янги натижалар келтириши билан аҳамиятли.

Бу галги форумда “Паррандасаноат” уюшмаси ва Россиянинг “Тechno” компанияси билан икки томонлама меморандум имзоланди. Келишувга кўра, эндиликда мамлакатимиздаги парранда фабрикаларида ўрнатилган эски асбоб-ускуналар энг замонавийларига алмаштирилади.  

Тўрт босқичда ташкил этилган форумда Франция, Венгрия, Россия, Буюк Британия, Голландия, Индонезия, Германия ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган ўттиз нафар эксперт маъруза қилди.  

Мутахассислар юртимизда репродукторли наслчилик хўжаликларини ташкил этиш, паррандачилик саноати учун ем-ҳашак етказиб бериш, паррандачилик маҳсулотларини халқаро стандартлар ва талаблар асосида қайта ишлаш, гўшт ва тухум маҳсулотлари рўйхати ва номенклатурасини кенгайтириш, тухум кукунини қайта ишлашнинг илғор технологияларини жалб қилиш масаласида ҳамкорликни кучайтиришни таклиф қилди.

Шу билан бирга форум доирасида хорижий мутахассислар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида учрашувлар, хизмат сафарлари ҳамда турли тадбирлар ташкил этилди. Уларга аввалги анжуман доирасида тайёрланиб, 2023 йилдаги ахборотлар билан бойитилган “Ўзбекистон паррандачилари маълумотномаси” тақдим этилди.

Янги келишувлар платформаси вазифасини бажарган анжуманда, юртимизнинг экспорт-импорт салоҳиятига сезиларли таъсир ўтказувчи ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама қилинди.  

Икром Аввалбоев, ЎзА