Пойтахтимизда ўтказилган II Халқаро молия-банк форуми доирасида музокара ва муҳокамалар натижасида маҳаллий ва хорижий банклар, молия институтлари ўртасида бир қатор шартнома ва меморандумлар имзоланди.
Жумладан, “Ўзмиллийбанк” AЖ ва ВТБ Банк (РФ) ўртасида 50 миллион долларлик кредит линиясини жалб қилиш бўйича келишув имзоланди.
Шунингдек, форум доирасида, AТБ “Қишлоқ қурилиш банк” ва Credit Suisse AG (Швейцария) ўртасида 125 миллион АҚШ доллари миқдоридаги синдикатлаштирилган кредитни ташкил этиш мандати, AТБ “Қишлоқ қурилиш банк” ва “Mashreqbank” (БAA) ўртасида 75 миллион доллар миқдорида Яқин Шарқ банклари ўртасида синдикатланган кредитни ташкил этиш доирасидаги ҳамкорлик меморандуми, "Ўзсаноатқурилишбанк" AТБ ва "Росселхозбанк" ОAЖ (РФ) ўртасида 20 миллион АҚШ доллар миқдоридаги қисқа муддатли кредитлар бўйича бош келишув имзоланди.
“Ўзсаноатқурилишбанк” AТБ ва “Сбербанк” ОAЖ (РФ) ўртасида 10 миллион доллар миқдорида молиялаштиришни таъминлаш бўйича бош келишув,“Aгробанк” ва “Mashreqbank” (БAA) ўртасида умумий қиймати 75 миллион доллар бўлган Яқин Шарқдаги банклар ўртасида синдикатланган кредитни ташкил этиш доирасидаги ҳамкорлик, “Aгробанк” ва “Транскапиталбанк” ўртасида 22 миллион евро (25 миллион доллар) миқдоридаги ҳамкорлик шартномаси, “Микрокредитбанк” AТБ ва “ТрансКапиталБанк” ОAЖ (РФ) ўртасида умумий қиймати 30 миллион евро (34 миллион доллар) бўлган агросаноат ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари маҳсулотлари экспортини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорликка эришилди.
[gallery-4831]
“Туронбанк” AТБ ва “ВЕБ.РФ” (РФ) ўртасида 63,8 миллион евро (72 миллион доллар) миқдоридаги индивидуал кредит шартномаси, “Туронбанк” AТБ ва “ТрансКапиталБанк” ОAЖ (РФ)ўртасида 10 миллион AҚШ доллари миқдоридаги “Валюта ва пул бозорларида кредит линиясини кўпайтириш бўйича битимлар тузишнинг умумий шартлари тўғрисида”ги Бош келишув, "Uzbek Leasing International A.O." ва "Blend Financial Services Ltd." (Ҳиндистон) ўртасида 50 миллион доллар миқдорида амалга ошиши мумкин бўлган молиялаштириш бўйича, “Тошкент” РФБ AЖ ва “Москва биржаси” ОAЖ (РФ) ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Жами ҳисоблаганда ушбу форум доирасида умумий қиймати 567,2 миллион AҚШ долларига тенг 28 та битим имзоланди.
Б2Б форматидаги форум давомида маҳаллий ва хорижий банклар, молия институтлари ўртасида халқаро молия секторини ривожлантиришнинг кейинги истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Форум “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖ, МДҲ Молия-банк кенгаши, “SAIPRO GROUP” МЧЖ, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирликлари ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки кўмагида ташкил этилди.
Б.Мелиқулова, О.Ғуломов (сурат), ЎзА