“Хитой-Марказий Осиё математиклари” форуми иккинчи маротаба 9-10 октябрь кунлари юртимиздаги В.И.Романовский номидаги Математика институтида бўлиб ўтди. Форумда Хитой ва Марказий Осиёнинг кўзга кўринган олимлари, академиклар, ёш олимлар, докторант ва таянч докторантлар, талаба ва магистрлар иштирок этди.
Форумда таниқли математик Филдс медали совриндори Ефим Зельманов ҳамда Хитой ва Марказий Осиёдан ташриф буюрган академиклар ҳозирги кундаги математик анализ, алгебра, функционал анализ хамда дифференциал тенгламалар каби кўплаб мавзуларда муҳокама қилинди.
Тадбирда иштирок этган олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳозирги кунда юртимизда илм-фан ривожи учун қилинаётган ишлар ва илм аҳлига яратилаётган имкониятлар хусусида тўхталди.
Юртимизда математика фанини ривожлантиришга алоҳида аҳамият берилаётгани, Ўзбекистон математикларининг Хитой ва Марказий Осиё давлатлари математиклари билан ҳамкорлигини янада ривожлантириш учун вазирлик барча имкониятларни яратиши, қўллаб-қувватлашини таъкидлаб ўтди.
Бундан ташқари Ўрта Осиё ва Хитойнинг кўзга кўринган мактабларининг ривожланиш тарихи ва уларнинг истиқболлари тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Форум Хитой ва Марказий Осиё давлатлари математиклари орасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади. Ёш олимларни Хитойнинг етакчи илмий марказларига бориб малака ошириш ва илмий изланишлар олиб боришлари учун имкониятлар яратади.
Н.Раҳмонова, ЎзА