English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Форум иштирокчилари истиқболли корхоналар билан танишди
21:08 / 2015-11-04

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган Халқаро инвестициявий форум иштирокчилари 4 ноябрь куни Фарғона ва Хоразм вилоятларида бўлиб, инвестиция киритиш таклиф этилаётган корхоналар фаолияти билан танишди, мамлакатимиздаги қулай сармоявий муҳит, иқтисодий ва молиявий имкониятлар ҳақида маълумотга эга бўлди.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган Халқаро инвестициявий форум иштирокчилари 4 ноябрь куни Фарғона ва Хоразм вилоятларида бўлиб, инвестиция киритиш таклиф этилаётган корхоналар фаолияти билан танишди, мамлакатимиздаги қулай сармоявий муҳит, иқтисодий ва молиявий имкониятлар ҳақида маълумотга эга бўлди.

Давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида мамлакатимиз иқтисодиёти изчил ривожланиб бормоқда. Иқтисодиётда давлат иштироки камайиб, хусусий сектор салмоғи ошмоқда. Ривожланган давлатлар, нуфузли молия муассасалари мамлакатимиз билан ҳамкорликка интилмоқда. Бугунги кунда юртимизда 90 дан ортиқ давлатнинг хорижий инвесторлари иштирокида ташкил этилган 4 мингдан зиёд корхона муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда.

Президентимизнинг 2015 йил 24 апрелдаги “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, шу йил 28 апрелдаги “Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва бошқа қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар хорижий инвестицияларни жалб этиш, акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, хусусийлаштириш жараёнларини чуқурлаштиришга янада кенг йўл очди.

Бу ислоҳотлар самараси Фарғона вилоятида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Вилоятдаги 150 дан ортиқ корхонага хорижий инвестициялар жалб этилган. Жорий йилнинг ўтган даврида ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш, янги қувватларни ишга тушириш мақсадида 38 миллион 584 минг долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар йўналтирилган, вилоятдаги корхоналар 182 миллион доллардан ортиқ қийматдаги маҳсулот экспорт қилган. 

30.JPG
  
Форум иштирокчилари “Фарғонаазот” очиқ акциядорлик жамиятида бўлиб, бу ерда амалга оширилаётган ишлар билан танишди. “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти таркибидаги мазкур йирик корхона ўз маҳсулотларини ўнлаб мамлакатларга экспорт қилмоқда.

Корхонада қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Франция билан ҳамкорликда ишлаб чиқаришни автоматик бошқарувчи ягона агрегат тизими ишга туширилган бўлса, чехиялик ҳамкорлар билан аммиакли селитра ва суюқ азот ишлаб чиқариш цехи қурилди. Шу билан бирга, мебель елими, истеъмол содаси, полиэтилен қоплар каби халқ истеъмоли товарлари ҳам ишлаб чиқарилмоқда.

– Замонавий технологиялар ёрдамида ишлаб чиқарилаётган жаҳон андозалари даражасидаги маҳсулотлар юртингизнинг иқтисодий салоҳияти юқори эканидан далолатдир, – дейди “Key Pee Exports” компанияси ижрочи директори Чоудхуари Сингх (Ҳиндистон). – Фарғона сафарида бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилдик. Корхонамиз экспорт-импорт билан шуғулланади. Жорий йилда «Фарғонаазот» акциядорлик жамияти Ҳиндистонга беш минг тонна маҳсулот экспорт қилди. Биз форум доирасида Ўзбекистондан янги маҳсулотлар сотиб олиш бўйича шартнома имзолаш ниятидамиз.

Қувасой шаҳридаги “Кварц” акциядорлик жамияти қурилиш саноати тармоқларига, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган енгил автомашиналар, автобус ва тракторларга юқори сифатли ойна ҳамда шиша маҳсулотлари етказиб беради. Олиб борилган кенг кўламли модернизация ишларидан сўнг ишлаб чиқариш ҳажми ортиб, маҳсулот тури 150 тага етди. Айни пайтда корхонада икки мингдан ортиқ ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда.

– Корхонанинг металлни қайта ишлаш цехида шиша идишлар учун турли кўринишдаги қолиплар бизда қизиқиш уйғотди, – дейди Германия ривожланиш банкининг минтақавий директори Томас Эдгар Лемонн. – Ўзбекистон иқтисодиёти инвестиция киритиш учун жуда истиқболли. Бу борадаги имтиёзлар билан яқиндан танишдик. Президент Ислом Каримовнинг акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонига мувофиқ хорижий мутахассисларнинг корхоналарда бошқарув ходими сифатида фаолият юритиб, олган фойдасидан даромад солиғи, тўлов манбаидан олинадиган даромад солиғи, пенсия жамғармасига тўланадиган мажбурий суғурта бадалларидан озод этилгани бизга маъқул келди. 

33.jpg
“Фарғона ёғ-мой” акциядорлик жамияти ҳам вилоятда салоҳиятли корхоналардан бири. Бу ерда ўсимлик ёғидан тортиб, майонез, совун, чорва учун шрот, шелуха каби турли маҳсулотлар тайёрланмоқда. Келгусида 10 миллион 850 минг доллар миқдорида инвестиция жалб этиш режалаштирилмоқда.

– Фарғона вилояти ҳаёти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдик, – дейди Жанубий Кореянинг KCC компанияси бош менежери Ким Жу Хюн. – Тадбиркорлар билан суҳбатлашганимизда, улар жорий йилда ғалла ва пахта, мева-сабзавот ва бошқа экинлардан мўл ҳосил етиштирилгани, шу боис бозорларда тўкинлик, арзончилик эканини айтишди. Бунга ҳар қандай одамнинг ҳаваси келади. Бу Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистонни изчил тараққий эттириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараларидир. Бундай мамлакатга инвестиция киритиш шарт ва зарур, деб ўйлайман. Шу боис биз “Кварц” акциядорлик жамияти билан шартнома тузиш борасида музокара олиб бормоқдамиз.

“Қўқон механика заводи” акциядорлик жамиятида нефть-газ саноати учун ишлаб чиқарилаётган элликдан ортиқ турдаги ускуналар ва эҳтиёт қисмлар хорижлик меҳмонлар эътиборини тортди. Италия, АҚШ ва Германияда ишлаб чиқарилган технологиялар билан жиҳозланган корхонада ишлаб чиқариш ҳажми 1999 йилга нисбатан қарийб 40 баробарга ошган.

Хоразм вилоятида жорий йилнинг 9 ойида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 337 миллиард сўмлик 1 минг 258 лойиҳа амалга оширилди. Мингдан ортиқ янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди, соҳага тижорат банклари томонидан 390,2 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди.

Халқаро анжуман иштирокчилари Урганч шаҳридаги “Урганч ёғ-мой” акциядорлик жамияти, “Урганч экскаватор” акциядорлик жамияти ва унинг қошидаги “UzXCMG” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида бўлиб, озиқ-овқат саноати ва машинасозлик соҳаларида эришилаётган ютуқлар билан танишди.

“Урганч ёғ-мой” акциядорлик жамиятида мингдан зиёд ишчи меҳнат қилади. Корхонада турли ёғ-мой маҳсулотлари, ширинликлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Жорий йилнинг тўққиз ойида бу ерда 8 минг 667 тоннадан ортиқ ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқарилди, 630 тонна хўжалик совуни экспорт қилинди.

– Форум иштирокчилари учун уюштирилган бизнес-учрашувлар, қатор корхоналар фаолияти билан танишув мамлакатингиз иқтисодий салоҳияти ҳақида тўла тасаввурга эга бўлиш имконини бермоқда, – дейди Испаниянинг “Flores Valles” компанияси минтақавий менежери Виллиам Музи. – Мамлакатингиздаги иқтисодий эркинлик ва қулай инвестиция муҳити хорижликларнинг қизиқишини оширмоқда. Ўзбекистон ишбилармонлари билан турли соҳаларда ишлатиладиган лаборатория техникаси, хусусан, озиқ-овқат саноати соҳасида фойдаланиладиган жиҳоз ва технологияларни ишлаб чиқариш ва бундай маҳсулотларни етказиб бериш борасида яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш ниятидамиз. 

12.JPG
  
Чет эл инвесторларининг мамлакатимизга сармоя киритишга қизиқиши ошмоқда. Буни мамлакатимиз иқтисодиётининг турли соҳаларидаги қатор сармоявий лойиҳаларда фаол иштирок этаётган хориж компаниялари мисолида ҳам кўриш мумкин. “Урганч экскаватор” акциядорлик жамияти қошидаги “UzXCMG” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси ана шундай муассасалардан.

Президентимизнинг 2012 йил 22 ноябрдаги “2013-2015 йилларда Хоразм вилояти саноати салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори асосида ташкил қилинган мазкур корхонада гидравлик экскаваторлар ва бошқа турдаги қурилиш ускуналари ишлаб чиқарилади, техникаларга хизмат кўрсатилади.

Хитойнинг “Xuzhou Construction Machinery Group” корпорацияси билан ҳамкорликда ташкил этилган “UzXCMG” қўшма корхонаси томонидан жорий йилда 135 экскаватор ва 62 бульдозер ишлаб чиқарилди.

– Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури кўпайиб, сифати ошиб бораётганини алоҳида таъкидлашни истардим, – дейди АҚШнинг “CitiBank” банки вакили Жэсон Зулло. – Ўзбекистонда мавжуд иқтисодий ва сиёсий барқарорлик, тинчлик ва осойишталик хорижликлар ҳавасини тортмоқда. “Урганч экскаватор” акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги ва йўл-қурилиш техникаси, металл конструкциялар, “UzXCMG” қўшма корхонасининг экскаватор ва бульдозерлари юксак сифати ва рақобатбардошлиги билан бизда катта таассурот қолдирди. Ушбу форумга кўплаб мамлакатлардан, нуфузли халқаро ташкилотлар ва компаниялардан вакиллар келгани уларнинг Ўзбекистонда ўз бизнесини йўлга қўйиш, мавжуд ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ниятида эканидан далолатдир. Биз ҳам мамлакатингиз билан иқтисодиётнинг турли соҳаларида сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш ниятидамиз.

– Ўзбекистон иқтисодиёти изчил ривожланмоқда, – дейди Туркиянинг “Citigroup” компанияси вице-президенти Илҳан Меркон. – Компаниямиз Ўзбекистоннинг қатор банклари билан бир неча йилдан буён самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ўзаро ҳамкорлигимизни янада кенгайтириш учун катта имкониятлар мавжуд.

Меҳмонлар вилоятда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан танишди, Хива шаҳрининг қадимий ёдгорликларини қизиқиш билан томоша қилди.