Ботаника боғида Ёшлар форуми доирасида Ўзбекистон Экологик партияси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги вазирликлари ҳамда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган "Яшил ташаббус" лойиҳаси доирасида ўтказилаётган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ҳам иштирок этди.
– Интеллектуал билимга эга ўзбекистонлик ёшларнинг битта майдонда йиғилганлигини кўрмаганман, – дейди Алишер Саъдуллаев. – Президент мактабини битираётган ўқувчилар, шу йили олий таълим муассасаларига қабул қилинган салоҳиятли талабалар, бу ерга келганларнинг ҳаммаси коронавирусга қарши эмланган.
Президентимиз Янги Ўзбекистонни ёшларнинг билими устига қуришни мақсад қилган. Форумда ўйин-кулгу эмас, олимлар билан учрашувлар, интеллектуал ўйинлар, викториналар ташкил қилинади, хорижий тилларни билиш даражаси аниқланади.
Ботаника боғи бугун илм-фан, маърифат майдонига айлантирилди. Ғоямиз шундан иборатки, билимли болалар бир-бири билан учрашсин, мулоқот қилсин. Шу каби салоҳиятли ёшларни бир-бирига учраштириш ўртада соғлом рақобат пайдо бўлишига хизмат қилади.
Юқорида таъкидлаганимдек, бу ерга тўпланган ёшлар вакцина олган. Форумнинг ташкил қилиниши анча олдин тасдиқланган эди. Агар бугунги тадбир ташкил этилмаса, улар тушкунликка тушишади. Тадбир хавфсиз шароитда ташкил қилинмоқда.
Агентлик директорининг форумнинг хавфсизлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб айтган ишончли жавобидан сўнг аксарият ёшлар тадбирда ниқобсиз ҳаракатланмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА