Фарғона вилоятининг Риштон туманида вилоят ҳокимлиги, Республика “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамда Маданият ва туризм вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган “Туркий халқлар ҳунармандчилиги” форумининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Туман истироҳат боғида ташкил этилган тантанали маросимда хорижлик меҳмонлар, уста-кулоллар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Республика “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Улуғбек Абдуллаев, вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршид Аҳмедов, туман ҳокими Субҳонжон Солиев барчани халқаро тадбирнинг очилиши билан табриклаб, кейинги йилларда Президентимиз томонидан юртимизда ҳунармандчиликка қаратилаётган эътибор, тадбиркорлик ва кичик бизнес учун яратилаётган қулай шароит хусусида сўз юритди. Мазкур форум ҳам ана шу эътибор ва рағбат намунаси эканлигини таъкидлади.
Шундан сўнг “Кулоллар сайли” га старт берилди. Азим чинорлар остига ўрнатилган павильонларда республикамизнинг турли ҳудудлари кулолчилик мактабларининг кўргазмалари ва савдоси ташкил этилди. Кўргазма таркибидан ўрин олган хилма-хил ҳунармандчилик буюмлари: сопол ва чинни буюмлар, бежирим идиш-товоқлар, ўйинчоғу қўғирчоқлар, декоратив ашёлар барчани ўзига мафтун этмай қолмади.
– Риштонга келиб, бу ердаги кулоллар бирдамлигига, уларга яратилган шароитни кўриб мамнун бўлдим, – дейди қорақалпоғистонлик ҳунарманд Саламат Алламбергенов. – Ҳар бир ҳунарманднинг ўз услуби, йўналиши бор. Улар яратган буюмлар кўзни қувнатади. Ўзимиз ясаган идишлар, сувенирларни олиб келганмиз, кўпчилик қизиқяпти. Қорақалпоқ усталарининг фаолияти маълум муддат сўниб қолган эди. Секин-аста бу соҳани ривожлантиряпмиз. Хорижлик меҳмонлар, санъатшунос олимларнинг ушбу форум ҳақидаги фикрлари эътиборга молик.
[gallery-11855]
– Юртингиздаги ҳунармандларга ҳавас қилдик, – дейди россиялик меҳмон Екатерина Ермакова. – Ҳукумат даражасидаги эътибор, ишлаб чиқариш ва экспорт борасидаги имтиёзлар натижасида кулолчилик жадал ривожланиш босқичида экан. Яна ҳар бир вилоят ва ҳудудга хос услуб ва йўналишлар илмий ўрганиш, тадқиқ қилиш учун арзийди. Ўзбекистон, хусусан, Фарғонага биринчи бор келишим, одамлар юзидаги нур, самимият мени мафтун этди. Умид қиламанки, ушбу форум фаолияти бардавом бўлади.
Бухоро давлат университети профессори, санъатшунос олим Орифжон Қодиров форум доирасида бўлиб ўтадиган “Риштон кулолчилиги: кеча, бугун, эртага” номли халқаро илмий-амалий конференцияда ўз маърузаси билан иштирок этади.
– Миллий ҳунармандчилигимиз шундай серқирраки, ҳар бир услуб, нақш ёки шакл ўз тарихи, мазмунига эга. Халқ амалий санъати намуналарини тадқиқ қилиш, тарихдан мерос бўлиб келаётган йўналишларни бойитиш орқали келгуси авлодларга етказиш муҳим саналади. Бу борада риштонлик уста ҳунармандларнинг билим, маҳорат ва тажрибаси илмий изланишлар учун қўл келади. Бундан ташқари, бу анъана ва ҳунарларни жаҳонга танитиш, мамлакатимизга туристик оқимни янада кенгайтириш, ишлаб чиқарилган маҳсулотларни жадал экспорт қилишга кўмаклашиш каби вазифалар ҳам мазкур халқаро тадбирнинг асосий мақсадларидан ҳисобланади, – дейди Орифжон Қодиров.
Маълумот учун, форум дастуридан илмий-амалий конференция, “Халқаро кулоллар маркази” фаолияти билан танишиш, “Анъанавий Риштон кулолчилиги” китоби тақдимоти, ёш кулоллар ўртасида “Маҳорат дарслари” каби муҳим тадбирлар ҳам ўрин олган.
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА