Форум аёлларда улкан таассурот қолдирди
Сирдарё туманида “Хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда нодавлат нотижорат ва хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотлар тажрибаси” мавзусида “Аёллар форуми” бўлиб ўтди.
Сирдарё туманида “Хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда нодавлат нотижорат ва хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотлар тажрибаси” мавзусида “Аёллар форуми” бўлиб ўтди.
Республика Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташаббуси билан маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Сирдарё вилояти бошқармаси ҳамда туман бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ҳудуддаги нодавлат нотижорат ташкилотлари, хотин қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотларнинг раҳбарлари иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бош мутахассиси О.Шамсиддинованин қишлоқ жойларда аёллар бандлигини таъмилашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисидаги маърузасини катта қизиқиш билан тинглади.
– Вилоятда оилавий ва хусусий тадбиркорликни ташкил этишда имтиёзли кредитлар беришни йўлга қуйишга алоҳида эътибор қаратилган, – дейди бошқарма хотин-қизларни ижтимоий сиёсий фаоллигини ошириш бўлими бошлиғи Д.Каттабекова. – Асосий мақсадимиз – аёллар тадбиркорлигини ҳар томонлама ривожлантириш ва уларга моддий ҳамда ташкилий кўмак беришдан иборат. Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фондидан тижорат банклари орқали аёлларимизга маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман ҳамда шаҳар бўлимларининг тавсиясига кўра смета-ҳужжатлари ўрганилиб, зарур кредит маблағлари ажратилмоқда.
Жумладан, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Сирдарё тумани бўлимининг тавсиясига кўра шу ҳудуддаги 32 нафар хотин-қизларга 691 миллион сўм миқдорда кредит маблағлари ажратилди. Кредит олган хотин-қизлар тикувчилик, қандолатчилик, иссиқхона, ҳунармандчилик каби йўналишларда ўз тадбиркорлигини бошлаб янги иш ўринлари яратди.
Дарвоқе, мазкур тадбир олдидан кредит маблағлари эвазига ўз тадбиркорлиги ва оилавий бизнесини йўлга қўйган Сирдарё тумани хотин-қизлари ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотлари кўргазмаси билан қатнашганлари таҳсинга лойиқ.
Форумнинг иккинчи ярмида иштирокчилар туманда хотин-қизларга яратилган иш ўринлари билан танишиш мақсадида “Мега Люкс” Ўзбекистон – Россия қўшма корхонасига ташриф буюрди. Умумий лойиҳа қиймати 30 миллион АҚШ долларини ташкил этган ушбу корхонада 1 минг 500 иш ўрини яратилган. Эътиборлиси, улардан 900 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Ишчи хизматчиларнинг унумли меҳнат қилиши. овқатланиши, дам олиши ва маданий ҳордиқ чиқаришлари учун кутубхона, ошхона, дам олиш. ювиниш хоналари ва бошқа қулайликлар яратилган.
Тадбир иштирокчиларининг кейинги ташриф манзили тумандаги 40- умумтаълим мактаби бўлди.
– Ушбу таълим масканимизда ўқувчиларнинг қизиқишлари инобатга олиниб ашула, рақс, мусиқа ва бундан ташқари, турли касб сирларини ўзлаштиришлари учун чеварлик, ҳунармандчилик ва пазандаликни ўргатувчи тўгараклар фаолияти ҳам йўлга қўйилган, – дейди маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими бошлиғи биринчи ўринбосари Н.Жўраева. – Бундан ташқари, мактаб ўқувчилари ўз билимларини мустаҳкамлашлари учун интернет тармоғига уланган компьютер синфхонаси, каттагина китоб фондига эга 2 та кутубхона, инглиз тили ва аниқ фанлар бўйича 4 та фан тўгараги мунтазам фаолият юритмоқда.
Шунингдек, иштирокчилар Қуёш маҳалласидаги 300 ўринли “Эркатой” ҳамда Ҳикматли маҳалласидаги 150 ўринли “Маржона” нодавлат хусусий мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти билан, томорқасини даромад манбаига айлатирган хонадонлар бтлан танишишди.