English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Формула-1: Озарбайжон Гран-присида вакилларимиз ҳам қатнашди
16:47 / 2022-06-13

Озарбайжон пойтахти Бокуда икки кун давом этган “Формула-1” бўйича Жаҳон чемпионати баҳсларида Ўзбекистоннинг бир гуруҳ ёшлари ҳам иштирок этди.

Улар бевосита мусобақаларда қатнашмаган бўлсада, пойгаларни тартибли ўтишида, пойгада қатнашган спортчиларга, уларнинг машиналарига техник хизмат кўрсатиш, зарур воситаларни бошқаришда иштирок этди. Малакалари ошди. 

Бевосита баҳсларга тўхталадиган бўлсак, дунёнинг энг кучли пойгачилари қатнашган мусобақаларда “Ред Булл” жамоаси аъзоси, чемпионат пешқадами Макс Ферстаппен Гран-при ғолиблигини қўлга киритиш билан мавсумдаги бешинчи ютуғини нишонлади. 2-ўриндан унинг жамоадоши Серхио Перес жой олган бўлса, “Мерcедес” пойгачиси Жорж Рассел 3-ўринни эгаллади. 

Таъкидлаганимиздек, жаҳоннинг энг кучли пойгачиларини жамлаган мазкур нуфузли мусобақада Ўзбекистон миллий автомобиль клуби (NACU) қўллаб-қувватлаши билан мамлакатимизнинг бир қатор ёшлари волонтёр сифатида иштирок этиб, катта тажрибага эга бўлди. 

– Формула пойгаларига дунёда қизиқиш жуда юқори. Автомобиль спортининг ушбу йўналишини Ўзбекистонда оммалаштириш, унинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, мутахассислар малакасини ошириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Тошкентдаги Турин политехника университети билан ҳамкорликда 8 нафар ёшларни Боку Гран-присида волонтёр сифатида иштирок этишини таъминладик. Бу, келажакда формула мусобақаларини юртимизда ўтказишга замин тайёрлайди. Университетнинг Асад Қаюмов, Муҳаммадамин Муҳамедов, Тимур Ҳолмуҳамедов, Жасурбек Мўминов, Шахзод Саидакрамов, Дилфуза Маткаримова, Адҳам Эгамбердиев, Мубашир Жўраев каби ёшлари Бокудаги формула мусобақаларида қатнашди. Улардан умидимиз катта. Келажакда айнан уларнинг тажрибаси асосида юртимизда ҳам формула пойгалари ташкил этилади. 

Лекин шу ўринда бир гапни айтишим лозим. Айрим давлат ва нодавлат ташкилотлари халқаро автоспорт мусобақаларида, тадбирларда Ўзбекистон номидан ўз вакиллари қатнашаётганлиги тўғрисидаги тасдиқланмаган маълумотларни ижтимоий тармоқларда, ўз сайтларида тарқатмоқда. Бу – нотўғри. Мамлакатимиздан қайсидир автоспортчи ёки мутахассис халқаро автоспорт мусобақаларида қатнашадиган бўлса ёки шундай истаги бўлса, юртимизнинг халқаро автоспорт оламидаги ягона вакили бўлган Ўзбекистон автомобиль клубига мурожаат этмоғи лозим, – дейди Ўзбекистон автомобиль клуби (NACU) вице-президенти Алекс Цой.

Ҳақиқатан, бугун биргина автоспортда эмас, айрим ҳолларда бошқа спорт турларида ҳам Ўзбекистон номидан мусобақаларда, тадбирларда тегишли ташкилот ва спорт органларининг хабари бўлмасдан қатнашиш ёки шунга уриниш ҳоллари учраб турибди. 

Умуман, халқаро спорт мусобақаларида юртимиз вакилларининг қатнашиши, уларда Ватанимиз номи янграб турганлиги яхши. Аммо, бундай иштироклар ҳуқуқий асослар ва тегишли тартиб-меъёрлар талабидан келиб чиқилса, фойдадан холи бўлмайди. Спортчининг ёки иштирокчининг соғлиги, унинг қонуний ҳимояси энг муҳим масала. Агарки, қайси бир юртдошимиз халқаро спорт тадбирларида ўзбошимча тарзда иштирок этиб жароҳат олса ё нохуш вазиятга тушиб қолса, бунга ким жавоб беради?  

Шундай экан, тартиб-интизом, мониторинг, халқаро тадбирларда қатнашиш масалаларида қонунлар, ҳуқуқий масалалар устувор бўлса, ўша жойда юксалиш ва ривожланиш рўй беради.  

Тўлқин Рўзиев,  ЎзА