Форишда йўрға тувалоқлар табиат бағрига қайтди
Йўрға тувалоқлар Қизилқум чўлларида яшайди. Ўтган асрнинг 60-йиллардан бошлаб уларнинг яшаш майдони қисқариши натижасида сони камайиб кетган.
Махсус вольерда ўстирилиб, учирма бўлган 40 бош йўрға тувалоқ Жиззах вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мутахассислари томонидан Фориш тумани даштларига қўйиб юборилди.
Йўрға тувалоқлар Қизилқум чўлларида яшайди. Ўтган асрнинг 60-йиллардан бошлаб уларнинг яшаш майдони қисқариши натижасида сони камайиб кетган. Йўрға тувалоқлар Ўзбекистоннинг ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш Халқаро уюшмасининг «Қизил китоби»ига киритилган.
Йўқолиб кетиш хавфи остида турган ноёб қушларни асраш ҳамда очиқ табиат қўйнида кўпайтиришга Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан муҳим аҳамият берилмоқда.
2006 йилдан буён республикамизнинг Навоий ва Бухоро вилоятларидаги иккита марказ йўрға тувалоқларнинг табиатдаги сонини қайта тиклаш учун ушбу турдаги қушларни етиштириш билан шуғулланиб келмоқда.
– Қизилқумнинг вилоятимиз ҳудудидаги қисми, хусусан, Фориш тумани даштлари йўрға тувалоқларнинг яшаши ва кўпайиши учун энг мақбул табиий масканлар бўлгани учун ушбу қушларни кўпайтириш лойиҳасида иштирок этиб келаётирмиз, – дейди Жиззах вилоят экология бошқармасининг экоинспекция бошлиғи ўринбосари Шароф Файзуллаев. – Яқинда Фориш туманида табиат қўйнига қўйиб юборилган қушлар ҳам шу ҳамкорлик доирасида Навоий вилояти ҳудудидаги Бирлашган Араб Амирликларига қарашли бўлган – «Амирликларнинг йўрға тувалоқни асраш маркази» марказидан олиб келдик. Юртимиз табиатининг ноёб бойлиги бўлган бу қушларни асраш, биологик хилма-хилликни асрашнинг муҳим қисмидир.
Табиатда тувалоқлар озуқа танламайди. Асосан ўсимлик донлари, ҳашоратлар билан озиқланади. 2, 3 донадан тухум қўйиб, 21, 25 кунда очиб чиқади. Полапонлари июнь-июль ойларида уча бошлайди. Айни пайтда бу ноёб қушларни кўпайтириш бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда.