Россия, Хитой ва Эроннинг Жанубий Кавказдаги таъсирини камайтириш ва Европага энергия етказиб бериш йўналишини диверсификация қилиш мақсадида АҚШ Зангезур йўлагини блокдан чиқариш бўйича муроса механизмини таклиф қилди, деб ёзди “Forbes” журнали.
Нашр қайд этишича, бундай амалиёт минтақадаги геоиқтисодий мувозанатни сезиларли даражада ўзгартиради. Аниқроғи, Эрон бу жараёндаги транзит ролини 30 фоиз, РФ эса 20 миллиард долларгача даромадини, Европа энергетика бозоридаги таъсирини 15 фоизгача йўқотиши мумкин.
Жаҳон банки маълумотига кўра, 2027 йилга бориб йўлак йиллик савдо айланмасини 100 миллиард долларга етказиши, Европа ва Осиё ўртасидаги транзит вақтини 12-15 кун қисқартириши башорат қилиняпти.
Таъкидланишича, АҚШ бир вақтнинг ўзида Боку ва Ереван манфаати ҳисобга олинадиган вариант таклиф қилмоқда. Яъни, Арманистон томонидан расмий суверенитетни сақлаб қолган ҳолда кафолатланган транзит таъминлаши боши берк кўчага кириб қолган музокарани силжитиш имкони пайдо бўляпти.
Аввалроқ АҚШнинг Туркиядаги элчиси Баррак Вашингтон бу икки давлат ўртасидаги транспорт йўлаги бошқарувини қўлга олиш таклифини киритаётгани, жумладан ушбу участканинг 32 километрини 100 йилга ижарага олиши муаммога ечим бўлиши мумкинлигини айтганди.
С.Раҳимов, ЎзА