Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Фонус” лойиҳаси таассуротлари
17:18 / 2026-01-30

Кино ҳар қандай даврда жамоатчилик онгига таъсир кўрсатувчи муҳим тарғибот воситаси бўлиб келган. Бугунги томошабинни кино тили орқали ўйлашга, мушоҳадага чорлаш эса тобора мураккаблашиб бормоқда. Катта маблағ эвазига яратилган айрим фильмлар ҳам баъзан томошабин кутган натижани бермаётгани сир эмас. Шу боис, ҳақиқатан ҳам сифатли кино асарини аниқлашда сюжет изчиллиги, режиссура ечимлари, визуал услуб, актёрлик маҳорати ва умумий эмоционал таъсир муҳим мезон ҳисобланади.

Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан режиссёр Шокир Холиқов томонидан суратга олинган тўртта қисқа метражли фильм намойиши инсон ички кечинмалари, ҳаётий танловлар ва маънавий қийматларни кино тили орқали ёритиши билан эътиборга молик бўлди.

Жумладан, “Чегара” фильми инсон тақдири, яқинлардан узоқда яшаш туйғуси ҳамда оилавий муносабатлар орқали чегара тушунчасининг кенг фалсафий мазмунини очиб беради. Асарда оддий ҳаётий ҳолатлар орқали жамиятдаги ислоҳотларнинг инсон ҳаётига таъсири рамзий ифода этилган. Режиссёрнинг драматургик ритм ва рамзлар билан ишлаши фильм мазмунига чуқур маъно бағишлаган.

“Ичан Қаъла” қисқа метражли фильми эса инсоннинг ички руҳий ҳолати, ҳаёт синовлари ва вақт тушунчасини визуал образлар орқали ифодалайди. Асарда тарих ва инсон тақдири ўртасидаги узвий боғлиқлик, руҳий кечинмалар таъсирли тарзда очиб берилган. Фильм томошабинни ҳаётга, қадриятларга бошқача нигоҳ билан қарашга ундайди.

Лойиҳа доирасида намойиш этилган “Қўшнилар” фильми эса оддий, бироқ мазмунли кино тили билан ажралиб туради. Асарда қўшничилик, миллатлар ўртасидаги дўстлик ва аҳиллик қадриятлари замонавий талқинда акс эттирилган. Образлар ўртасидаги динамик мулоқот ва ҳаётий ҳолатлар томошабинда ижобий ҳиссий таассурот уйғотади.

Умуман олганда, “Фонус” қисқа метражли фильмлар лойиҳаси ҳаётий воқеликлар, рамзий ечимлар ва самимий диалоглар орқали томошабин қалбига мурожаат қила олади. Намойиш этилган фильмлар инсонни ўйлашга, ҳис қилишга ва маънавий мушоҳадага чорлайди.

Бундай кино лойиҳаларини, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш муҳим. Чунки кино орқали берилган маънавий ғоялар жамиятда соғлом дунёқараш ва ижтимоий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан амалга оширилаётган бундай медиа ташаббуслар эътибор ва қўллаб-қувватлашга лойиқ.

Гулноза Шарафова,

Фанлар академияси

Санъатшунослик институти тадқиқотчиси.