English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фонд ташаббуси билан ҳудудга ариқ суви келди
16:20 / 2022-11-08

Халқ депутатлари Бухоро вилояти кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига жорий йилда 1 миллиард 50 миллион сўм маблағ ажратилди. Мазкур пуллар асосан ҳудудлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қаратилган лойиҳаларга йуналтирилди.

Масалан, Жондор туманининг “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғини томонидан 4 та қишлоққа ариқ сувини келтириш лойиҳаси тақдим этилган эди. Гап шундаки, мазкур кўчаларга мана бир неча йилдирки, ариқ суви етиб келмайди. Аҳоли томорқа экинларини тоза ичимлик суви билан қисман суғориб келади. Бу эса экинлар ҳосилдорлигига салбий таъсир қиларди. Халқ депутатлари Бухоро вилояти кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ушбу муаммо ечими учун маблағ ажратди.

– Ариқ суви йўқлиги сабабли хонадонлар бир неча йиллардан буён томорқаларини тоза ичимлик суви билан суғориб келган, –дейди Жондор тумани “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нормурод Маҳмудов. – Ариқ суви йўқлиги сабабли дарахтларнинг ҳосилдорлиги тушиши ва шу сабабларга кўра, аҳоли томорқаларда шўрланиш ошиб боришига сабаб бўлмоқда. Ҳудудни ободонлаштириш, турли мевали ва манзарали дарахтлар ўтқазишга тўсқинлик қилаётган эди. Грант лойиҳасини қўлга киритганимиздан сўнг ҳудудга томорқаларни суғориш ва ободонлаштириш мақсадида ариқ суви келтирилмоқда. Бундан аҳоли жуда ҳам мамнун.

Суғориш ишлари учун сув тақчиллигидан азият чекиб келаётган ҳудуд аҳли ҳам бу эзгу ишдан четда тургани йўқ. Барча ҳамжиҳатликда ҳашар йўли билан ҳудудда ариқ очишда қатнашмоқда. Давлат раҳбари ташаббуси билан эълон қилинган “Яшил макон” лойиҳаси доирасида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экмоқда.

– 20 йилдан буён ҳудудимизда ариқ суви йўқ эди, – дейди маҳалла фаоли Саодат Раҳимова. – Давлат раҳбарининг эътибори натижасида бугун ҳудудимизда ариқ суви келтирилмоқда. Энди ҳудудимизда турли хил мевали ва манзарали дарахтларни экиб, маҳалламизни яшил маконга айлантирамиз.

Жойларда ҳамюртларимизни қийнаб келаётган муаммолар ечимида жамоат ташкилотларининг ҳам иштироки тобора кенгаяётгани эса юртимизда фуқаролик жамияти қуришда муҳим қадам ташланаётганидан далолатдир.



Зариф Комилов, ЎзА