Бугун бутун дунё ўйин-кулги, суҳбатдош, керакли маълумот ёки қайноқ янгилик излаб Интернет тармоғига ўралашиб қолган бир пайтда Ўзбекистон театрлари ўз ҳаёти билан яшамоқда. Томошабинларнинг спектаклларга бориши давом этмоқда. Айтиш жоизки, ҳар бир театрнинг ўз томошабини бор. Бундан ташқари, халқ севиб томоша қиладиган актёр ва актрисалар ижросидаги спектакллар ҳам бисёр.
Мамлакатимиз театр ҳаёти ва ўзбек театрининг келажаги ҳақидаги саволлар билан таниқли драматург, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Эркин Хушвақтовга мурожаат қилдик.
– Маданият институтининг режиссёрлик бўлимини 1983 йили тугатиб, ҳозирги Ўзбек давлат драма театрида электрик вазифасидан иш бошлаганман, – дейди Эркин Хушвақтов. – 1987 йили эса Ўзбек Миллий академик драма театрига ишга ўтдим. 1994 йили Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романи асосида саҳнага мослаштириб ёзган инсценировкамни устозларим Ўзбекистон халқ артисти, режиссёр Турғун Азизов ва Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Мунаввара Абдуллаева саҳналаштирган. Устоз режиссёрнинг қўллаб-қувватлаши билан 1996 йили фольклор-этнографик жанрдаги “Чимилдиқ” пьесаси, 1997 йили тасаввуф таълимот йўналишидаги “Бобораҳим Машраб” спектаклларини саҳналаштирилиб, драматург сифатида танилганман.

Мен Мустақиллик даврида кашф этилган драматургман. “Чимилдиқ” пьесасини ёзиб театрларга олиб бориб режиссёрларга кўрсатганимда қабул қилишмаган. Бу спектаклни биринчи марта Шоира Ҳамидова Театр ва рассомчилик институти сиртқи бўлими талабалари билан биргаликда диплом иши сифатида сахналаштирган. Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Бахтиёр Тўраевнинг тавсиялари билан Самарқанд вилояти Каттақўрғон театрида ва Хоразм вилоятидаги Огаҳий театрларида қўйилди. Ўзбек Миллий академик театрида қўйилгандан кейин элнинг назарига тушиб, шов-шув бўлиб, театр тили билан айтганда аншлаг бўлиб кетди. Қарама-қаршиликларни, қийинчиликларни сабр-бардош, қаноат билан, меҳнат қилиб курашиб енгиб келяпман. Ҳаёт – бу умрингнинг охиригача курашиш дегани экан.

– Эркин ака, сиз учун театр санъатнинг бир кўринишими ёки жамият билан мулоқот қилиш усули?
– Театр – жамиятнинг кўзгуси, замон ва макондаги ҳақиқатни, адолатни, муаммоларни ечишни, халқ дардини, орзу-умидларини рўй-рост кўрсатиб беради. Николай Гогольнинг “Ревизор” сатирик комедияси, Абдулла Қаҳҳорнинг “Тобутдан товуш” ёки Саид Аҳмаднинг “Келинлар қўзғолони” каби спектаклларда жамиятда учрайдиган иллат ва камчиликларни кулги ва юмор билан очиб беради. Ана ўшанда томошабинлар саҳнада ўзини кўриб ибрат ва сабоқ олиб кетади.
– Театрга оид сайтлардан бирида "Меҳробдан чаён", "Қирмизи олма" ва бошқа асарлар асосида сиз томондан саҳнага олиб чиқилган спектакллар ҳақида маълумот бор. Яна қандай машҳур асарларни ўзбек театр саҳнасига олиб чиқмоқчисиз?
– Абу Али Ҳасан Низомулмулкнинг “Сияр ул-мулук” рисоласидан таъсирланиб “Адолат қўнғироғи” драмасини, Пиримқул Қодировнинг “Авлодлар давони”, Мирмухсиннинг “Темур Малик” романларини инсценировка қилиб тайёрлаб қўйганман. Уларни саҳналаштирадиган ёш режиссёрлар ва театрларни кутиб турибман.
Халқ оғзаки ижоди, фольклор, этнография, донишманд халқимизнинг гўзал урф-одатлари, қадриятларида ўзлигимиз, аслимиз, наслимиз мужассам. Ёр-ёрлар, ўланлар, мақоллар, ҳикматли сўзлар, ривоятлар менга куч-илҳом беради.
Гоҳида дўстларим менга қўнғироқ қилиб, ўзбек кинолари, жумладан менинг сценарийим асосида суратга олинган фильмлар халқаро кинофестивалларда, Ўзбекистон маданияти кунларида қатнашяпти, деб хушхабар айтадилар. “Чимилдиқ” фильми АҚШ, Буюк Британия, Германия, Польша, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Арабистон, Россия, Ҳиндистон ва дунёнинг 40 дан ошиқ мамлакатларида намойиш қилиниб, ўзбек маданияти, анъаналарини, қадриятларини дунёга тарғиб қилаётганидан бахтиёрман.
– ХХ аср ўзбек театри тарихида эл суйган актёрлар Аброр Ҳидоятов ва Сора Эшонтўраева "Отелло"да, Шукур Бурҳонов "Шоҳ Эдип"да, Зайнаб Садриева "Келинлар қўзғолони"да, Обид Юнусов "Парвона"да роль ижро этганида томошабин айнан уларни кўриш учун театрга борган экан. Бугунги кунда театрларда халқ севиб томоша қиладиган актёрлар борми?
– Ўзбек Миллий академик драма театрида иқтидорли актёр, актрисалар жуда кўп. “Чимилдиқ”, “Қирмизи олма” пьесаларини Дилбар Икромова, Мадина Мухторова, Абдураим Абдуваҳобовга, “Қаллиқ ўйини”, “Кўнгил” пьесаларини - Муқаддас Холиқова, Фарҳод Абдуллаевга, “Андишали келинчак”ни Саида Раметова, Рустам Каримовга, “Сизсиз ўтмас кунларим”ни Саидкомил Умаров, Шодия Абдуқодировага, “Чиройли муҳаббат”ни Раъно Ярашева, Феруза Бобоёровага, “Бобораҳим Машраб”ни Насриддин Рустамовга мўлжаллаб ёзганман. Ҳамма спектаклларим эл назарига тушган.
Театр хўшбуй ифор таратиб турган гулдастага ўхшайди. У жонли актёрлар ўйнайдиган тирик табиий санъат тури. Театр – муқаддас жой.
– Сиз нафақат драматург, балки "Чимилдиқ," "Зумрад ва Қиммат" фильмлари, шунингдек, "Меҳмонжонлардан айланай" каби файзли оилавий сериалнинг сценарий муаллифисиз. Доимий бирга ишлайдиган режиссёрларингиз борми?
– Юрагимда туғён уриб ётган дардларим, изтиробларим, исёнларим, мақсадимни англаб етган ва тушунган, мени драматург сифатида кашф қилган устозларим Турғун Азизов, Мунаввара Абдуллаева, кино санъатида Шуҳрат Аббосов, Ҳотам Файзиев, асоссиз танқидлардан мени ҳимоя қилган театршунос олимлар Тоир Исломов, Ҳамидулла Икромов, ёзувчи Тоҳир Маликдан бир умр миннатдорман.
Менинг ижодимга бағишланган Озода Шобилолованинг “Миллийлик куйчиси” китобида устоз академик олим Иззат Султон: “Э.Хушвақтовнинг истеъдоди ва серғайрат изланувчанлиги ва маҳсулдор драматурглиги аён бўлди. Хушвақтов ўзи кашф этган янги драматургия жанри – “экспериментал этнографик томоша” жанрида яна бир асар “Қирмизи олма” драмасини яратди”, деб эътироф этганлар. Мен бундан жуда ҳурсандман. Ёзган пьесаларим ҳаётлигимда қайта-қайта театрларда қўйиляпти. Вақт ҳукмидан ўтиб томошабинлар тан оляпти. Давлатимиз томонидан эътироф этилиб, “Меҳнат шуҳрати” ордени, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими фахрий унвони билан тақдирланганман.
– Ўзбек театри тарихида Саид Аҳмад комедиялари ёрқин из қолдирган. Ёшлар орасида умидли драматурглар борми?
– Саид Аҳмаднинг “Келинлар қўзғолони”, Эркин Воҳидовнинг “Олтин девор”, Шароф Бошбековнинг “Темир хотин” спектаклларини қайта-қайта кўриб ижод сирларини ўрганганман. Умидли ёш драматурглар кўпчиликни ташкил қилади. Улардан Учқун Ўсаров, Бобур Ҳамроев келажакда яхши асарлар яратишига ишонаман.
– Театр барчага баравар тушунарли бўлиши керакми ёки мураккаб фалсафий бўлишга ҳақлими?
– Трагедия, драма, комедия, фалсафий, сатирик пьесаларни ҳам юморга ўраб, томошабинларга кўрсатса бўлади, албатта. Мисол учун, Вильям Шекспирнинг “Қирол Лир”ида масхарабоз, “Меҳробдан чаён”да сарой қизиқчилари бор. Масхарабозлар орқали давр ҳақиқатлари очилади, камчиликлар айтилади, танқид қилинади.
Театрга келган томошабинлар покланиб, фикрлари, қарашлари ўзгариб, ибрат олиб чиқиб кетади. Пьеса қаҳрамонлари образларида ўз аксини кўриб, нуқсонларини тушуниб етади. “Андишали келинчак”ни кўриб қанчадан қанча оилалар ярашиб бахтли бўлиб кетганини кўрганман. Актриса Саида Раметовага раҳмат айтганлар кўп бўлди.
“Чимилдиқ” спектаклининг премьераси 1996 йил 26 ноябрь куни бўлиб ўтди. Ўз қадриятлари, урф–одатлари, анъаналари, ёр-ёрлари, ўланларини, ўзлигини соғинган халқимиз қишда ҳам, совуқда ҳам оқиб келди. Театримиз эшиклари ва ойналари синиб кетди. Театримиз раҳбарияти Ёқуб ака, режиссёр Турғун ака, Мунаввара опа ҳаммамиз қувончдан хайрон бўлганмиз. “Андишали келинчак” беш ой давомида узлуксиз ҳар куни, шанба-якшанба кунлари 2 марталаб қўйилди. Бу муболаға эмас, ҳақиқат. Ҳатто Гиннеслар рекорди китобига киритмоқчи бўлишди. Театр тарихида бўлмаган воқеа. Биз томошабин театрга яна қайтганидан фахрландик.
– Келгуси режаларингиз қандай?
– Хусусий студияларда Ш.Аббосов билан “Бир куни Афанди”, Б.Ёқубов билан “Зумрад ва Қиммат”, Э.Мамедов билан ҳамкорликда “Ўлим билан ўйин” фильмларини суратга олдик. Раҳматли Ҳ.Файзиев билан “Яхши либосли аёл” номли киносценарийни етти марта қайта ёзганмиз. Аёлнинг садоқати, вафоси, ор-номуси ҳақида гўзал фильм бўлар эди. Президентимиз ҳақида “Халқпарвар”, мактаб қурилишига жонини бағишлаган инсон ҳақида "Қайроғоч", чоризм қонли босқини ҳақида “Қарғалар учса қарайлик” номли пьесаларимни ёзиб тайёрлаб қуйганман. Саҳна юзини кўришини кутиб юрибман. Лекин умр, вақт кўтмайди. 2024 йил юрак хуружи билан хасталаниб қолдим. Ўшанда театримиз раҳбари Ёдгор ака Саъдиев "Аёллар ҳақидаги позитив комедия ёзиб беринг", деб мени ҳаётга, ижодга қайтардилар. Уч йилда иккита “Чиройлисан муҳаббат”, “Эр-хотинни уруши...” пьесаларимни саҳналаштиришга бош бўлиб руҳимни кўтариб, қўллаб-қувватлаб турдилар. Бунинг учун беҳад миннатдорман. Заррача эътибор ва қадр ижодкор инсон кўксини тоғдай кўтаради. Ёшликда "Пьесаларим вақти келганда саҳналаштирилади" деб хотиржам юрардим. Лекин мазам бўлмай қолганда тушуниб етдимки, умр бир лаҳзалик, бир лаҳзада дорул бақодан дорул фаногача кетиб қолиш ҳеч гапмас экан. Ҳамма нарсага улгуриш керак экан.
Лира Шафиқ,
ЎзА