Маямидаги турар-жой биноси қулаши билан боғлиқ фожеанинг янги тафсилотлари эълон қилинди.
«Турган жойи ноаниқ бўлган одамлар сони 159 нафарга етди», – деди Маями-Дейд округи мери Даниелл Лавин Кава матбуот анжуманида.
Каванинг таъкидлашича, ҳалок бўлганлар сони ҳозиргача тўрт кишига етган. Ҳукумат қидирув-қутқарув ишлари ҳали ҳам давом этаётганини маълум қилган.
Маями ҳукумати ҳали ҳам вайрон бўлган бино остида қолган одамлар тирик эканига умид қилмоқда, деди Даниэлл Лавин Кава.
«Қидирув-қутқарув ишларини давом эттирамиз, чунки ҳали ҳам одамларни тирик кўришдан умидимизни узганимиз йўқ. Айнан шу умид қутқарув ишларини давом эттиришимизга сабаб бўлади. Қутқарув ишига итлар, локаторлар, камералар ва тириклай кўмилганларни топа оладиган барча воситалардан фойдаланилмоқда», – деди у матбуот анжуманида.
Аввалроқ Маями шаҳри ҳудудига кирувчи Сёрфсайд шаҳарчасидаги ушбу турар-жой 130 та хонадондан иборатлиги айтилганди. Ҳозиргача 40 киши қутқариб олинган.