Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Флоренцияда «Ўзбекистон: саҳродаги авангард» халқаро кўргазма лойиҳаси очилди (+видео)
22:36 / 2024-04-16

Ўзбекистон ўзининг урф-одатларини, маданий меросини, ўтган асрларга бориб тақаладиган қизиқарли ва таълимотга бой ҳаётини бугун, даврлароша жаҳон ҳамжамияти эътиборига, назарига йўналтирмоқда. Буни халқаро майдонлардаги кўргазма лойиҳалари намойиши орқали сезиб олиш мушкул эмас. Ўзбекистон маданияти, санъати, айниқса, лазги, миллий куй-наволари, ўзбек аёллари қўллари билан тиккан сўзанаю-кашталари ҳар тонг бизни қарши оладиган қуёш мисоли ҳар биримизнинг хонадонимизга кириб боряпти.

Бугун, 16 апрель куни «Ўзбекистон: саҳродаги авангард» шиори ила яна бир йирик лойиҳамиз халқаро кўргазма майдонидан жой олмоқда. Флоренциядаги Уффици галереяси Питти саройида «Ўзбекистон: саҳродаги авангард» кўргазмаси очилиши бўлиб ўтди.

«Нур ва ранг» деб номланган лойиҳанинг Флоренция бўлими ХХ асрнинг биринчи ярмидаги драматик тарихий жараёнлар асносида Ўзбекистон турли миллат ва ижодкорлик дунёқарашларига мансуб рассомлар учун ҳаёт ва ижод маскани, шунингдек, битмас-туганмас илҳом манбаига айланганини кўрсатиб турибди.

Қувонарлиси, эртага Венеция шаҳридаги Ка-Фоскари университетининг кўргазмалар майдонида лойиҳанинг «Шакл ва рамз» дея ном олган қисми ўз ишини бошлайди.

Кўргазмаларда ХХ асрнинг биринчи ярмида яратилган 172 тадан зиёд рангтасвир асарлари ва суратлар, шунингдек, Игор Савиский номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи ва Ўзбекистон давлат санъат музейида сақланаётган миллий безак ва амалий санъат буюмлари намойиш этилади. Бу юртимизни ХХ аср санъатининг иккита энг залварли музей сара тўпламлари ўртасидаги боғлиқликка урғу берувчи юқори даражадаги илк лойиҳа.

Экспозиция жаҳон санъат ихлосмандларига эшикларини очиш олдидан Уффици галереяси Питти саройининг Оқ залида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган матбуот анжуманида лойиҳа ижодкорлар, ижрочилари ва Италия санъат вакиллари кўргазманинг бориши, мазмун-моҳияти ҳақида фикр алмашиб олишди.

Қайд этиш керак, ушбу экспозиция томошабинлар эътиборини ўтган асрнинг биринчи ярмига оид рус шарқшунос-ижодкорлари ва миллий санъат мактаби вакиллари асарларида акс этган Марказий Осиёнинг бадиий қиёфасига қаратади. Кўргазмамизга ташриф буюрувчилар бадиий андозаларнинг визуал алмашувидан баҳра олибгина қолмай, Марказий Осиё халқлари ижоди ўртасидаги қизиқарли мулоқотга ҳам гувоҳ бўлаётгани айни ҳақиқат.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/vTpo4OVyrxQ" title="Florensiyada “Oʻzbekiston: sahrodagi avangard” xalqaro koʻrgazma loyihasi ochildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Кўргазмалар куз мавсуми якунига қадар давом этади. Бизни кузатиб боринг, Венециядаги кўргазма алоҳида мавзу…

Беҳруз Худойбердиев, Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА