Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Физиканинг долзарб масалаларига бағишланган форум
19:42 / 2024-04-23

Самарқанд давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ядро физикаси институти, СамДУ муҳандислик физикаси институти ҳамкорлигида “Физика-2024” учинчи халқаро форуми бошланди.

Материя ва коинотнинг тузилиши, конденсирланган ҳолат физикаси, амалий физика каби бир қатор йўналишларда ҳозирги замон тенденциялари, дунё миқёсида эришилган ютуқлар билан танишиш ҳамда ҳалқаро илмий алоқаларни янада ҳам кенгайтириш мақсадида ташкил этилган анжуманда мамлакатимиз физик олимлари ва ёш тадқиқотчилар билан бирга АҚШ, Озарбайжон, Руминия, Россия, Беларусь, Қозоғистон ва бошқа давлатлардан 170 нафарга яқин таниқли академик ва профессор, физика институтлари раҳбарлари иштирок этмоқда.

Форумнинг очилиш маросимида Самарқанд давлат университети ректори Рустам Хомуродов, Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев, Россия Фанлар академияси академиги Владислав Хомич ва бошқалар сўзга чиқиб, Ўзбекистон олимлари ва мутахассисларининг физиканинг турли соҳаларида амалга ошираётган илмий ишлари ва уларнинг натижаларига эътибор қаратди. 

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимида физика фанининг элементар заррачалар физикаси, ядро физикаси, астрономия, қаттиқ жисмлар физикаси, элекроника, оптика, лазер физикаси каби сохаларида фундаментал ва амалий илмий ишлар олиб борувчи бир қатор илмий текшириш институтлари фаолият кўрсатади. Жумладан, ядро физикаси институти нафақат республикамиз, балки Марказий Осиёдаги энг йирик илмий текшириш маскани ҳисобланади. Институтнинг илмий бўлинмалари ва тадқиқот ядро реактори, циклотрон, электрон тезлатгичи, гамма қурилмаси ва нейтрон генератори каби ноёб объектлари базасида ҳозирги замон фан ва техникасининг истиқболли йўналишларини қамраб олган фундаментал ва амалий изланишлар олиб борилади. Институт дунёдаги салоҳиятли илмий марказлар билан алоқалар ўрнатган.

[gallery-17070]

– 23-25 апрель кунлари ўтказилиши режалаштирилган мазкур физиклар форуми анъанавий бўлиб, биринчи форум Тошкент шаҳрида Фанлар академияси Ядро физикаси институтида, иккинчиси Наманган давлат университетида ўтказилганди ва учинчи форум учун Самарқанд танланди, – дейди Ядро физикаси институти директори Илҳом Содиқов. – Бу бежиз эмас, албатта. Чунки, мазкур университетда физика фани ўқитилиши билан бирга илмий тадқиқотлар олиб борилади, ядро физикаси лабораторияси фаолият кўрсатади ва биз яқин ҳамкорликда ишлаймиз. Бу галги форум ҳам физика фанини ривожлантириш, ушбу фан соҳасида жаҳонда амалга оширилаётган илмий тадқоқот ва амалий ишларни ўрганиш ҳам чет элдаги ҳамкасбларимиз билан тажриба алмашишга қаратилган. 

Форумга қадар унинг дастури ва маърузалар тезислари тўплами нашр қилинди. Ялпи мажлисларда 50 та маъруза эшитилиши, постер мажлисларда эса 80 дан ортиқ маъруза муҳокама қилиниши режалаштирилган. 

– “Физика-2024” форуми Самарқандда ташкил этилганидан хурсандмиз, тадбир туфайли бу қадимий шаҳардаги кейинги янгилик ва ўзгаришлар билан танишяпмиз, – дейди Озарбайжоннинг Радиация муаммолари институти директори Ислом Мустафоев. – Биз Самарқанд давлат университети физик олимларининг илмий тадқиқотлари, эришаётган натижаларини илмий журналлар, интернет нашрлар орқали кузатиб борамиз. 

Бугун эса ушбу ишларни бажараётган илмий ходимлар билан учрашиш, улар билан тажриба алмашиш имконияти яратилди. Умуман, Ўзбекистонда ядро физикаси бўйича катта тажриба тўпланган ва бу борада ҳамкорликда ишлаш барчамиз учун фойдали бўлади, деб ўйлайман.
Форум давомида физик олим ва мутахассисларнинг илмий изланишларида кооперация масаласи ҳам муҳокама қилинади. 

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари