Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Физиканинг долзарб масалалари
17:31 / 2023-04-12

Наманганда “Яримўтказгичлар физикаси ва улар асосидаги қурилмаларнинг замонавий муаммолари” мавзусида республика илмий-амалий анжумани ташкил этилди. Мазкур анжуманда яримўтказгичлар физикаси ва физика-астрономия ўқитиш методикаси мутахассислигининг етук олимлари, академиклар, профессор-ўқитувчилар, докторантлар, тадқиқотчилар, магистрлар ҳамда талаба-ёшлар қатнашди.

Тадбир аввалида, анъанавий анжуманнинг айнан Наманган давлат университетида ўтказилаётганининг аҳамияти алоҳида таъкидланиб, бу борада эришилаётган ютуқлар эътироф этилди. Юртимизда яримўтказгичлар ва улар асосидаги қурилмаларни тадқиқ қилаётган изланувчиларнинг натижалари билан танишиш, олимларнинг бу борадаги тадқиқотларидан керакли хулосалар чиқарган ҳолда йўналишларни аниқлаш, яримўтказгич материалларининг физик хоссалари масалалари ва замонавий муаммоларини муҳокама қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган нуфузли анжуманда муҳим мавзулар бўйича асосий маърузалар тингланди.  

Жумладан, Андижон давлат университети академиги, физика-математика фанлари доктори Сирожиддин Зайнобиддинов, Физика-техника институти директори, профессор Ҳусниддин Олимов, Наманган муҳандислик-технология институти ректори, физика-математика фанлари доктори, профессор Одилжон Маматкаримов, Наманган давлат университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Шуҳратжон Отахонов мавзу доирасида олиб борилаётган илмий изланишлар ва уларнинг истиқболлари, амалиётга татбиқ этиш самаралари, мавжуд муаммолар, уларни ҳал этиш чора-тадбирлари хусусида қимматли фикр-мулоҳазаларни билдирди.  

Анжуман ўз ишини шўъбаларга бўлинган ҳолда давом эттирди. Бу жараёнда иштирокчилар “Яримўтказгичларда фотоэлектрик ҳодисалар”, “Яримўтказгич асосидаги янги турдаги муқобил энергия манбалари”, “Яримўтказгич асосидаги наноўлчамли қурилмаларнинг хоссалари”, “Замонавий таълимда физика ва астрономияни ўқитиш муаммолари” каби мавзулардаги тажриба-тадқиқот ишлари билан яқиндан танишиб, муҳокама ва мунозараларда фаол иштирок этди.  

Анжуман доирасида физика факультетининг уч нафар ёш ўқитувчисига физика-математика фанлари доктори, физика-математика фанлари бўйича фалсафа ва педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасини берувчи дипломлар тантанали равишда топширилди.  

Оқилхон Дадабоев, ЎзА