Чирчиқда фижитал спорт йўналишининг бир неча йўналиши бўйича Ўзбекистон кубоги баҳслари бўлиб ўтди.
Икки кунлик мусобақалар давомида спортчилар жисмоний ва ақлий курашни ўзида мужассам этган фижитал футбол, фижитал баскетбол, “Lazertag” ва “Just dance” йўналишларида ғолиблик учун кураш олиб боришди.

Фижитал футбол йўналишида Тошкент вилояти "Олимпик" жамоаси ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган бўлса, НГМКнинг "Алпомиш" жамоаси ва Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани вакиллари кейинги поғоналарни банд этди.

Фижитал баскетболда "БК СКА" жамоаси ҳеч бир рақибига имкониятни қолдирмаган ҳолда 1-ўринни эгаллади. Кейинги қаторлар "Слам Дункерс" ва "Самарқанд" жамоаларига насиб этди.
“Just dance” баҳсларида Сўғдиёна Абдухолиқова ва Сабина Шукуруллаева муваффақият қозонди. “Lazertag” йўналишида эса Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети вакиллари энг кучли жамоа номига мушарраф бўлди.

Ғолиб ва совриндорлар кубок, медал, диплом ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Т. Рўзиев, ЎзА