Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фитосанитар назорат: маҳсулот, сифат ва кафолат
11:39 / 2020-07-05

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини оширишда иссиқхона хўжаликларининг ўрни ортмоқда.


Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини оширишда иссиқхона хўжаликларининг ўрни ортмоқда.

Сирдарё вилоятидаги мавжуд 192 гектар иссиқхоналарда йилига ўрта ҳисобда 5 минг тоннага яқин қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади. Шу жумладан, «Беккластер» масъулияти чекланган жамиятига қарашли 35 гектар майдонни эгалланган иссиқхонанинг 26 гектарида булғор қалампири, 7 гектарида қулупнай ҳамда 2 гектарида бақлажон етиштирилиб Россия давлатига экспорт қилинмоқда.

Жанубий Корея технологияси асосида жиҳозланган замонавий иссиқхонада гидропоника усулида булғор қалампирининг 12 хил нави етиштирилади. Ҳар бирининг соф оғирлиги 300-500 граммни ташкил этади.

– Албатта иссиқхонада етиштирилаётган маҳсулотларнинг инсон саломатлиги учун хавфсизлиги, шу билан бирга турли карантин остидаги зарарли организмлардан холи эканлиги, бошқача айтганда, уларнинг фитосанитар ҳолати муҳим аҳамиятга эга, – дейди Сирдарё вилояти ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси агроном- инспектори Арслон Эргашев. – Бу борада ҳар бир иссиқхона хўжаликларида фитосанитар дала назорати тадбирлари мунтазам олиб борилмоқда.

Иссиқхонада етиштирилган булғор қалампирлари махсус қадоқлаш цехида қадоқланиб, «Сирдарё Беккластер» ёрлиғи остида хорижга экспорт қилинаётир. Бу ерда бир кеча-кундузда 40 тонна маҳсулот қадоқланади. Маҳсулотлар қадоқланишидан олдин қадоқлаш цехида карантин остидаги турли зарарли организмларга қарши зарарсизлантириш тадбирлари амалга оширилади.

Дарвоқе, иссиқхона хўжалигидан ташқари «Беккластер» таркибида 200 гектар очиқ майдонда токзор ҳам ташкил этилган бўлиб, унда узумнинг харидоргир – «Ризамат ота», «Келинчак бармоқ» ҳамда «Ҳусайни» навлари етиштирилмоқда. Бу йил 25 гектар майдондаги узум ҳосилга қирган. Ҳосилни турли касалликлардан ҳимоя қилиш борасида вилоят ўсимликлар карантини ҳудудий инспекциясининг аграном- инспекторлари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Сирдарё вилояти шароитида токзорлар ташкил этиш, узум кўчатларини кўкартириш шу билан бирга улардан юқори ҳосил олиш игна билан қудуқ қазишдек, гап. 200 гектарда узум етиштириш учун гиёҳ ҳам унмайдиган шўрланган майдонларга дарё суви тортиб келиниб ерларнинг шўри ювилди. Шундан сўнг маҳаллий ўғитлар билан озиқлантирилди.

– Бугунги кунда 25 гектар майдондаги узумлар ҳосилга кирган, – дейди «Беккластер» масъулияти чекланган жамияти боғбони Обид Бадалбоев. – Қишлоқ хўжалигига кластер тизими орқали инновацион технологиялар ҳамда илғор бошқарув усулларини жорий этилиши унумдорлиги паст ва гиёҳ ҳам унмайдиган шўрхок ерларда ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга хизмат қилмоқда.

«Беккластер» бугун нафақат пахтачилик ва ғаллачиликда, балки сабзавот, ҳўл мева, полиз маҳсулотлари етиштириб экспорт қилишда вилоятда етакчилардан ҳисобланади.

Корхонада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб, ташқи ва ички бозорга фитосанитар тоза, сервитамин маҳсулотларни олиб чиқиши ва бозордаги обрўсини сақлаб қолишида вилоят ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси ходимларининг ҳам ҳиссаси борлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Буларнинг барчаси мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг амалдаги самарасидир.