Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Fitch Ratings" “Ўзбекгидроэнерго”га “BB” барқарор баҳосини яна берди
15:41 / 2025-10-30

Ўзбекистоннинг барқарор энергия соҳасидаги етакчи компанияси – “Ўзбекгидроэнерго” АЖ халқаро "FitchRatings" халқаро агентлиги томонидан яна бир бор “BB” даражадаги “барқарор” прогнозли кредит рейтинги билан тасдиқланди.

Ушбу натижа нафақат компаниянинг молиявий барқарорлигини, балки Ўзбекистон гидроэнергетикаси янги ривожланиш босқичига қадам қўйганини ҳам тасдиқлайди.

"Fitch Ratings" халқаро агентлигининг баҳолашига кўра, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ сўнгги йилларда молиявий натижаларни яхшилаш  ва корпоратив бошқарув самарадорлигини ошириш бўйича муҳим ютуқларга эришди. Компаниянинг мустақил кредит рейтинги инвесторлар учун ишончли муҳит яратилганини кўрсатади. Компания охирги йилларда тўлиқ ўз маблағлари ҳамда давлат кафолатисиз тўғридан-тўғри кредитлар ҳисобидан молиялаштирилаётган йирик лойиҳалар портфелини амалга оширмоқда.  

"Fitch Ratings" ҳисоботида таъкидланганидек, “Ўзбекгидроэнерго”нинг молиявий сиёсати эҳтиёткорлик ва узоқ муддатли барқарорлик тамойилларига асосланиб, "FFO leverage" кўрсаткичи 2-3x даражасида сақланмоқда. Бу эса халқаро андозалар бўйича мустаҳкам молиявий база ҳисобланади.

2030 йилгача бўлган Ривожланиш стратегияси доирасида компания ҳар йили 3,6 триллион сўмлик инвестиция дастурини амалга оширмоқда. Мазкур дастур мавжуд ГЭСларни модернизация қилиш ва янги гидроқувватларни барпо этиш орқали мамлакатнинг яшил энергия салоҳиятини оширишга қаратилган.

“Ўзбекгидроэнерго”нинг мазкур халқаро агентлик томонидан “BB” барқарор даражасида тасдиқланиши компаниянинг молиявий самарадорлигига берилган баҳодан ташқари, Ўзбекистондаги барқарор энергия ислоҳотларининг халқаро даражада эътироф этилаётганидан далолатдир. Ушбу натижа мамлакатнинг энергетик мустақиллиги, атроф-муҳит муҳофазаси ва ESG тамойилларига содиқ ривожланиш йўлининг амалий ифодасидир.

Компания раҳбариятининг таъкидлашича, “Ўзбекгидроэнерго”нинг барқарор рейтингни сақлаб қолиши фақат натижа эмас, балки янги мақсадлар учун кучли асос ҳамдир.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА