Солиқ хизмати учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан ўзгартириш масаласи мамлакатимиз раҳбарияти томонидан жорий йил аввалида кўтарилган эди. Ушбу мақсадлар учун нуфузли хорижий мутахассисларни жалб қилиш ва халқаро тажрибадан фойдаланиш таклиф қилинди. Давлат солиқ қўмитасида мазкур масала бўйича бир неча бор чет эл олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари билан учрашувлар ўтказилиб, тажриба алмашилди.
2020 йил 4 ноябрь куни айни шу йўналишда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институтни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Хўш, қарор қабул қилинишининг зарурати нимада? Янги ташкил этилган институтнинг солиқ тўловчилар учун қандай фойдаси бор? Бу ҳақида Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Малака ошириш маркази Наманган вилояти бўлими бошлиғи Орифжон Абдуллаев қуйидагиларни сўзлаб берди:
- Таҳлиллардан маълумки, бугунги кунда 197 мингдан ортиқ ёки 73-74 фоиз кичик бизнес субъектларининг бухгалтерлари мавжуд эмас. Бу эса ҳисоб-китобларда, солиқ мажбуриятларини бажариш, айниқса қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ҳисоблашда улар учун қийинчиликларни туғдирмоқда. 2019 йилда янги ташкил этилган хўжалик юритувчи субъектларнинг 20 фоизи бир йил ичида фаолиятини тўхтатган.
Кўриниб турибдики, молия ва солиқ соҳасида назарий билимлари амалиёт билан уйғунлаштирилган кадрларга эҳтиёж катта. Барча замонавий талабларга жавоб бера оладиган кадрлар тайёрлаш билан шуғулланадиган олий таълим муассасасининг пайдо бўлиши соҳадаги долзарб муаммоларга ечим бўлади.
Муҳими шундаки, ҳужжатга асосан янги таълим муассасасида ўқув жараёни 2021/2022 ўқув йилидан бошланади. Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институт замонавий дунёқарашга ва илғор ахборот технологиялари билан эркин мулоқот қилиш қобилиятига эга бўлган янги авлод солиқ ходимларини тарбиялайди. Aсосий мақсад – молия ва солиқ соҳалари учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг замонавий тизимини яратиш.
Янги институтда “Солиқлар ва солиққа тортиш” йўналиши бўйича бакалавр ва магистрлар тайёрланади. Хусусан, молиявий назорат ва аудит ҳамда солиқ, молия ва тижорат ҳуқуқи, иқтисодий соҳаларда ахборот технологияларини мукаммал эгаллаган битирувчилар етишиб чиқади. Юқори даражадаги фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотлар олиб борилади.
Шунингдек, хорижий ўқув муассасалари билан тажриба алмашишга ва таълим жараёнига хорижий олимлар ва мутахассисларни фаол жалб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, институт тузилмасида Россия Федерацияси Ҳукумати ҳузуридаги Молия университети бўлинмаси (факультети) ташкил этилади. Мазкур институт тизимда ишлаб тажриба орттирган ўрта махсус малакали ходимларни олий маълумотли мутахассислар этиб тайёрлаш имконини беради.
Яна бир муҳим жиҳати, ҳозирда мавжуд бўлган олий таълим муассасаларида солиқ органлари фаолиятида фойдаланилаётган 50га яқин ахборот дастурлари бўйича таълим берилмаслиги солиқ соҳасида фаолият бошлаётган ёш кадрларда дастлабки мослашиш жараёнларининг узоқ чўзилишига сабаб бўлмоқда. Янги ташкилэтилган институт битирувчилари мазкур дастурлар бўйича тўлиқ назарий ва амалий кўникмаларга эга бўлади.
Бундан ташқари, халқаро эътироф этилган ташкилотлар – Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education ва Academic Ranking of World Universities рейтингларининг барчасида бир вақтда биринчи 1000 та ўринни эгаллаган олий таълим ташкилотларининг таълим дастурларидан фойдаланган ҳолда ўқитиш ташкил этилади.
Ҳужжатга мувофиқ 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Фарғона ва Тошкент солиқ коллежлари институт ҳузуридаги Фарғона ва Тошкент солиқ техникумлари этиб, қайта ташкил этилади.
Бир сўз билан айтганда, янги институтнинг ташкил этилиши, солиқ органларининг солиқ тўловчилар ҳамкори ва маслаҳатчиси сифатидаги “Солиқчи-кўмакчи” сифатидаги имижини оширишда, аҳолида солиқ органларига нисбатан ишончининг мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.