Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалида “Огоҳ бўлинг, фирибгар!” мавзусида тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган тадбирнинг асосий мақсади профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ва маҳалла аҳолиси ўртасида фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш чоралари билан таништиришдан иборат бўлди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Н.Қайпбергенов, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходими Н.Бердиниязова, мазкур олий ўқув юрти профилактика инспектори Н.Еримбетов сўзга чиқиб, фирибгарликнинг бугунги кундаги кўринишлари, уларнинг тузоқлари ва шахсий ҳамда молиявий маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича зарур тавсияларни берди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда ижтимоий тармоқларда ёлғон танлов ва совға эълонлари орқали фуқароларнинг банк пластик картасидаги ёки бошқа ҳисоб рақамларидаги пул маблағларини алдов ёки яширин йўл билан қўлга киритиш ҳолатлари авж олмоқда. Сўзга чиққанлар мана шундай ҳолатлар бўйича аниқ далилларни келтириб, улардан қандай сақланиш бўйича амалий тавсиялар берди.

Тадбир иштирокчиларига, шунингдек, фирибгарликнинг замонавий кўринишлари, улар томонидан қўлланилаётган турли тузоқлар ва уларнинг олдини олиш чораларини батафсил тушунтирилди. Бундай тарғибот тадбирлари аҳолини, шу жумладан, ёшларни фирибгарликдан огоҳлантириш, уларнинг ҳуқуқий саводхонликни ошириш ва жамиятда ҳушёрликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Тадбир иштирокчилари бу борада ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.