Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фирибгарлик жиноятини фуқаролик ҳуқуқий муносабатдан фарқлаш зарур
11:21 / 2023-10-07

Навоий шаҳрида судьялар, Давлат хавфсизлик хизмати, прокуратура ва ички ишлар органлари терговчилари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2023 йил 23 июндаги “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги пленум қарори мазмун-моҳиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Унда фирибгарлик жиноятини фуқаролик ҳуқуқий муносабатдан фарқлаш, бу турдаги жиноятларни юритишда суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида йўл қўйиладиган хато ва камчиликлар хусусида сўз юритилди. 

– Суриштирув ва дастлабки тергов жараёнларида фуқаролик муносабатларидан келиб чиқадиган низолар фирибгарлик жинояти деб баҳоланиб, айблов эълон қилиш ҳолатлари учраб турибди, – дейди вилоят суди судьяси Анвар Исоқов. – 2022 йил ҳамда 2023 йилнинг 9 ойи давомида Навоий вилоят судининг жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан жами 5 нафар шахсга нисбатан 2 та жиноят иши бўйича оқлов ҳукмлари, вилоят судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси томонидан мазкур даврда жами 20 нафар шахсга нисбатан 12 та иш бўйича оқлов ҳукми чиқарилган. Бундан ташқари, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида жиноят иши ҳужжатларида ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш баённомаси сифатсиз ва юзаки тарзда расмийлаштирилаётгани сабабли суд муҳокамасида ушбу далилларни текшириш имкони бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 415-моддасига мувофиқ, суд суриштирувда дастлабки терговда эълон қилинган айбловни ЖПКнинг 416 ва 417-моддаларида назарда тутилган тартибда ўзгартиришга ёки тўлдиришга ҳақлилиги белгилаб қўйилган. Шунга кўра, 2022 йилда судлар томонидан жами 37 нафар шахсга нисбатан 18 та, 2023 йилнинг биринчи ярмида 15 нафар шахсга нисбатан 8 та жиноят иши бўйича айбловни оғирроғи билан ёки ҳақиқий аҳволга кўра, дастлабки айбловдан жиддий фарқ қиладиган айблов билан алмаштириш ёки бошқа шахсни ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш учун асослар аниқланганлиги муносабати билан қўшимча процессуал ҳаракатларни амалга ошириш юзасидан ажрим чиқарилган.

– Тузилган битимга асосан ўзга шахснинг эгалигига ўтказилган ёки гаров таъминоти сифатида топширилган мулк юзасидан шахснинг битим тузилишида бошқа мақсад кўзлангани ҳақидаги важлари, битим қонунга мувофиқ тузилгани аниқланса, бундай ҳолат фирибгарлик сифатида баҳоланмайди, – дейди вилоят суди раиси ўринбосари Абдуманнон Шайдоев. – Агар шахс ўзаро ихтиёрий ёзма битим, келишувлар (қарз шартномаси, тилхат, кафолат хати ва бошқалар) асосида ўз зиммасига олган мажбуриятларини уни ижро этиш жараёнида айрим объектив сабабларга кўра (масалан, мулкий ночорлиги, шартнома тузишда тарафлар учун асос бўлган вазиятнинг жиддий ўзгариши, оғир касаллиги, фавқулодда ҳолат туфайли) бажара олмаса ёки ўзганинг мулкини эгаллашга нисбатан қасд мавжудлигини исботлашнинг имкони бўлмаса, бундай ҳолатлар фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низо сифатида баҳоланади. Бу жараёнлар фуқаролик, иқтисодий суд иши юритуви тартибида ҳал этилиши лозим.

Ҳозирги кунда кенг тарқалган банклар ва кредит муассасаларидан онлайн шаклда кредит олиш мақсадида алдаб ёки ишончни суиистеъмол қилиб, шахснинг электрон рақамли имзоларидан фойдаланиб, пул маблағларини қўлга киритиш ҳолатлари эса фирибгарлик сифатида баҳоланади.

Сўнгги пайтларда мулкка тажовуз қилиш билан боғлиқ жиноятлар орасида фирибгарлик иллати турли усулларда содир этилмоқда. Мазкур пленум қарори эса бу тоифадаги жиноятга қонуний, асосли баҳо бериш, қилмишни тўғри квалификация қилишда жиноят таркиби ва фуқаролик ҳуқуқий муносабат ўртасидаги ягона суд амалиётида учраётган муаммоларга ечим бўлади.

А.Бўриев, ЎзА мухбири