Электрон тўлов воситалари ёки масофавий хизмат кўрсатиш тизимларидан фойдаланиб ўзгалар мулкини талон-торож қилиш, фирибгарлик, ўғрилик жиноятлари кўпаймоқда.
2022 йилнинг 7 ойи давомида банк пластик карталаридан пул маблағларини фирибгарлик ва ўғрилик йўли билан талон-торож қилини юзасидан 1 минг 812 жиноят иши қўзғатилган.
Мазкур ҳуқуқбузарлик Жиноят кодексининг фирибгарлик, ўғрилик деб номланган 168, 169-моддалари билан таснифланмоқда. Бироқ, айни пайтда ушбу моддаларда белгиланган жазо айбдорларнинг чин дилдан пушаймон бўлиб, бу йўлдан қайтиши, ахлоқан тузалиш йўлига кириши учун етарли эмаслиги, содда қилиб айтсак, жазо енгиллик қилаётгани маълум бўлмоқда.
Шу сабабли “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун билан Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритилмоқда.
Қонун билан бундай турдаги жиноятлар учун жазо оғирлаштирилмоқда. Яъни эндиликда ахборот тизимларига ноқонуний кириб ва улардан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик жинояти учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 400 бараваригача жарима тўланади. (Ҳозир бу миқдор 100 дан 300 гача).
Амалдаги нормада ушбу жиноят учун 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланган бўлса, эндиликда бу муддат 5 йилдан 8 йилгача этиб қатъий белгиланмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга эса моддий маданий мерос объектларига нисбатан ҳурматсизлик қилиш, таҳқирлаш ёки уларга шикаст етказиш учун жавобгарликни назарда тутувчи янги норма киритилмоқда.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
ЎзА