Бугунги кунда рақамли маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш долзарб масалалардан бирига айланди. Чунки бу борада хавф-хатар ва фирибгарлик ҳолатлари ортиб бормоқда.
Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, яқинда фирибгарликда гумонланувчи шахс бармоқ излари орқали аниқланди.
Гап шундаки, Чилонзор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига фуқаро Элмира Х. мурожаат қилиб, онлайн-савдо платформасига ўзига тегишли бўлган уяли телефонини сотиш бўйича эълон берганлигини билдирган. Шундан сўнг номаълум шахс Элмира Х.га мижоз сифатида қўнғироқ қилиб, “Samsung A13" русумли телефон аппаратини 2 миллион 200 минг сўмга сотиб олишга ва пулларни пластик картадан ўтказиб беришга келишиб олади.
Номаълум шахс аёл киши ишонч ҳосил қилиши учун пул маблағлари ўтганлиги ҳақидаги сохта маълумотни кўрсатади. Лекин аслида ушбу номаълум шахс пулни ўтказиб бермасдан, телефон аппаратини фирибгарлик йўли билан қўлга киритади.
Мурожаат бўйича воқеа жойига тергов-тезкор гуруҳи етиб бориб, жабрланувчининг иккинчи телефонида номаълум шахс томонидан қолдирилган бармоқ изларининг папилляр нақшлари излари олинди. Аниқланган бармоқ излари ўрганилиб, маълумотлар базаси орқали текширилганда, ушбу бармоқ излари муқаддам судланган, 24 ёшли Азизжон А.га тегишли бўлиб чиқди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ишлари давом этмоқда.
М.Комилова, ЎзА