Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг Нукус шаҳри, Қонликўл, Тўрткўл туманлари бўлимлари томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилган тезкор тадбирда ишга жойлаштириб қўйиш, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериш ва қайта тиклаш билан боғлиқ, шунингдек валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган фуқароларнинг фирибгарлик ҳолатлари фош этилди.
Жумладан, Департаментнинг Нукус шаҳри бўлими, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Ихтисослаштирилган эндокринологи илмий-амалий тиббиёт маркази Қорақалпоғистон Республикаси филиали ходимаси П.Д. фуқаро Н.Г.нинг ишончига кириб, уни тиббиёт муассасаларининг бирига ишга жойлаштириб қўйиши эвазига 15 миллион сўмни, Департаментнинг Қонликўл тумани бўлими ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро И.Ш. фуқаро А.Қ.нинг ишончига кириб, унинг суд қарорига асосан бекор қилинган ҳайдовчилик гувоҳномасини гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали қайта тиклаб бериш эвазига 1 минг 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Шунингдек Тўрткўл тумани бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар Р.К. ва У.М. фуқаро М.Х.дан 2 минг АҚШ доллари ва 150 минг россия рублини 45,8 миллион сўмга сотиб олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА