Ички ишлар органига Оҳангарон туманида яшовчи 52 ёшли фуқаро Т.Ш.дан мурожаат тушган. Унда банк картасидан 6 миллион 200 минг сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилгани айтилган.
Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан мазкур жиноятни шу ҳудудда яшовчи 48 ёшли А.Х. содир этгани аниқланган. Маълум бўлишича, айбланувчи “Инстаграм” ижтимоий тармоғи орқали Т.Ш. билан танишиб, унга ўзини трейдерлик фаолияти билан шуғулланишини ва пулларини оз фурсатларда кўпайтириб беришини ваъда қилади ва жабрланувчининг пулларини олиб, ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган. Мазкур ҳолат юзасидан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилди.

Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “в” қисмида айнан шундай жиноий хатти-ҳаракатлар учун 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Шу кунларда Тошкент вилоятида ўтказилаётган “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги – “Cyber-month” комплекс тарғибот тадбирлари айнан юқоридаги каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда аҳолини оламдаги таҳдидларга нисбатан иммунитетни ошириш мақсад қилинган.

Ташкилотчилар томонидан жойларда тарғиботлар билан бирга “Энг фаол маҳалла”, “Интернет тармоғидан хавфсиз фойдаланаман”, “Фирибгарлардан эҳтиёт бўлинг”, “Энг яхши миллий контент” каби йўналишларда танловлар, ИТ соҳасида онлайн олимпиадалар, кибертаҳдидлардан ҳимояланиш бўйича ўқув курслари, секторлар раҳбарларининг фуқаролар билан учрашувлар ташкил этиш белгиланган.

Ўтган давр мобайнида бириктирилган мутахассислар томонидан амалий саъй-ҳаракатлар қилинди. Айниқса, жамоат жойлари, ёшлар орасида мазкур йўналишда суҳбатлар қилиниб, мавжуд ҳолат борасида тушунтириш ва тавсиялар берилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Киберхавфсизлик маркази ва Тошкент вилояти ИИББ Киберхавфсизлик бўлими ходимлари томонидан Юқори Чирчиқ туманида ҳам ёшлар етакчилари иштирокида навбатдаги тарғибот учрашуви бўлиб ўтди.
Унда масъул раҳбарлар ҳамда соҳа мутахассислари ёшларни қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб берди.
А.Мусаев,ЎзА.