Бугунги кунда мамлакатимизда ички ишлар органлари ходимлари имиджини яхшилаш, жамиятда аҳолининг энг ишончли вакилига айлантириш орқали ижтимоий мавқейини ошириш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Аммо фуқаролар орасида ўзини ички ишлар ходими сифатида таништириб, қонунга зид хатти-ҳаракатлари билан мўмай даромад орттиришни ният қилганлар ҳам учраб турибди.
Сурхондарёлик 25 ёшли йигит ҳам ижтимоий тармоқда навоийлик аёл билан танишади. Қисқа вақтда унинг ишончига кириб, фото ва видео суратларини қўлга киритади. У ўзини ички ишлар ходими эканлигини, формада ишлашини айтиб, аёлнинг суратларини интернет ижтимоий тармоқларида тарқатиш билан қўрқитади ва сохта ходим аёлдан пул талаб қилади.
Аёл даставвал, 250 минг сўмдан 1,5 миллион сўмгача йигит айтган банк картасига ташлаб беради. У эса аёлнинг ишонувчанлигидан фойдаланиб, пул талаб қилишда давом этади.
Аёлнинг мурожаатига асосан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ташкил этилиб, товламачиликда гумон қилинган шахс қўлга олинди.
– Мазкур ҳолатни содир этган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, айни дамда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Фаёзжон Қосимов. – Ҳурматли фуқаролар. Ўзини ички ишлар ва ёхуд бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими деб таништирган фирибгарларга алданиб қолманг. Ижтимоий тармоқлардан фойдаланганда хавфсизлик қоидаларига риоя қилишингизни, ўзингиз танимаган, билмаган одамларга шахсий маълумотлар, фото ва видеотасвирларингизни тақдим этмаслигингизни сўраб қоламиз.
Эслатиб ўтамиз, агар сиз ҳам ана шундай ҳолатларга дуч келсангиз ёки хабар топсангиз тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига мурожаат қилишингиз мумкин.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/MjDk2i3-yS0" title="Firibgarlardan ehtiyot bo‘ling" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Бўриев, ЎзА мухбири