Фирибгарлар тадбиркорлар манфаатига 3,6 миллиард сўм зарар етказган
Пойтахтимизнинг Олмазор туманида 11 тадбиркор манфаатларига 3,6 миллиард сўм зарар етказган фирибгарлар фаолияти фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Олмазор тумани бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда “M.m.” “A.” ва “Y.f.” МЧЖ раҳбарлари ва бошқалар олдиндан ўзаро тил бириктириб, 11 та хўжалик юритувчи субъектдан олинган 3,6 миллиард сўмлик дори воситаларини нақд пулга сотиб юбориб, савдодан тушган пулларни тўламасдан фирибгарлик йўли билан ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини қўлга киритганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан жамият раҳбарлари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
ЎзА