Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фирибгарлар фош этилди 
13:20 / 2025-12-13

Жиззахда хорижий давлатларга ишга юбориш баҳонасида фуқароларни алдаш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳолатлар миграция ва меҳнат масалаларида айрим шахслар томонидан содир этилаётган суиистеъмоллар ҳали ҳам мавжуд эканини кўрсатмоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Зарбдор тумани бўлими ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда фуқаро Н.Н. Чехияга ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, фуқаро Р.Х.нинг ишончига киргани аниқланди. У виза ҳужжатларини тайёрлаб беришни баҳона қилиб, умумий 10 минг доллар талаб қилган ва шундан 3 минг долларни “бўнак” сифатида олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби яна бир ҳолат Шароф Рашидов туманида қайд этилди. Департамент ва ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда фуқаро Х.Т. Хорватия ёки Финляндияга ишга жойлаштириб беришни ваъда қилиб, фуқаро Р.Х.дан 1500 доллар олган пайти ушланган.

Мазкур ҳолатлар фуқароларни алдаш, ишончдан фойдаланиш ва меҳнат миграцияси соҳасида пора ҳамда фирибгарлик ҳолатларининг олдини олишда янада қатъий назорат зарурлигини кўрсатмоқда. Минглаб инсонлар хорижда меҳнат қилиш орқали оиласи фаровонлигини таъминлашга интиляётган бир пайтда, бундай алдов йўллари жамият учун жиддий хавф солади.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25- ва 168-моддалари (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА