Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Финляндиялик маслаҳатчи: «Таълимдаги ислоҳотлар мазмуни энг қуйи тизимгача етиб бормаяпти»
19:57 / 2022-10-29

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида Қашқадарё вилояти ҳокимига маслаҳатчи сифатида фаолият кўрсатаётган финляндиялик эксперт Петри Лоунаскорпи билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Қашқадарё вилоятидаги танлаб олинган 48 та мактабда Финляндия тажрибаси асосида таълим беришни йўлга қўйишга мўлжалланган лойиҳанинг дастлабки таклифлари муҳокама қилинди.

«Ўзбекистонда таълим соҳасидаги ислоҳотларни юксак қадрлаймиз. Ҳар қандай ислоҳотларни амалга ошириш уч устунга асосланади, деб ҳисобласак, Ўзбекистондаги таълим соҳасида бу замонавий АКТ технологиялари, ўқув дастурлари ҳамда педагогларни тайёрлаш ва малакасини ошириш жараёнларида кўзга ташланади. Ушбу устунларнинг бири бошқасидан фарқли бўлса, бутун тизим орқага кетиши мумкин.

Шу ўринда эътироф этишим лозимки, мамлакатингизда қабул қилинган янги таҳрирдаги «Таълим тўғрисида»ги қонун ҳамда янгиланган ўқув дастурлари соҳани ривожлантиришда муҳим дастак вазифасини ўтаб беради.

Аммо Қашқадарё вилояти мисолида айтиш лозимки, бу жараёнда ўзим дуч келган энг асосий муаммо мамлакатингизда педагоглар малакасини оширишда 3 та параллель тизим бир вақтда ишламоқда. Улар мактаблардаги ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарлари, туманлардаги методистлар ҳамда бевосита халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий марказидир.

Аммо ўрганишларим шуни кўрсатдики, педагоглар малакасини оширишда мазкур тизимлар ўртасидаги ҳамкорлик жуда заиф йўлга қўйилган.

Шунингдек, бевосита таълим ташкилотидаги маълумотларни, йиғиш билан шуғулланувчи ички методистлар (директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари ва метод кабинет раҳбарлари)га қўйилган юкламалар уларнинг соҳадаги янгиликларни ўрганишлари ҳамда ўз устида ишлашларига тўсиқ бўлмоқда.

Шундан келиб чиқиб, биз ҳудудлардаги методистларга ўзлари каби бошқа ҳамкасбларини ўқитишлари учун қатор тренинглар ташкил этдик. Аммо афсуски, мактаблардаги ўқув ишлари директор ўринбосарлари ушбу тренингларга қатнашишда вақт билан боғлиқ муаммоларга дуч келишди.

Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий марказида педагоглар учун 5 кунлик тренинглар мунтазам равишда ташкил этиб келинмоқда. Бунда педагоглар учун «Таълим тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири ҳамда янги ўқув дастурлари муҳим янгилик сифатида қабул қилинмоқда.

Бу каби марказлар соҳадаги янгиликларни энг қуйи бўғинига қадар етиб боришида асосий дастак вазифасини ўташи лозим. Чунки унда ҳар йили барча ўқитувчилар ўз билим ва малакаларини оширишади. Шундай экан, мамлакатингизда таълим ислоҳотларини йўлга қўйишда аввало бу каби марказларнинг масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Чунки педагогнинг билим ва салоҳияти қанчалик кучли бўлмасин, у ўн йиллаб ўзгармаган ўқув дастурлари ва дарс режалари билан қуроллантирилса, кутилган самарага эришиб бўлмайди.

Бу жараёнда эса ўқитувчиларнинг олдида турган асосий муаммолардан бири уларнинг ҳалигача назарий методларга асосланиб дарс ўтишларидир. Мамлакатингиз таълим тизимидаги муаммолар ҳам айни шу нуқтада кўзга ташланмоқда. Чунки ўқувчи дарсда бериладиган назарий билимларни ўзлаштирмоқда. Аммо уни ҳаётда қўллаш бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлмаяпти.

Яна бир жиҳат. Бугунги кунда барча соҳаларда замонавий ахборот коммуникация технологиялари жадал кириб келмоқда. Бундан 20 йил аввал ушбу технологиялар фақатгина маълум доира вакилларида мавжуд бўлган бўлса, бугун деярли барчамиз энг камида мобил телефонлардан фойдаланамиз. Яна 10 ёки 20 йилдан кейин бу жараёнлар қайси томонга ўзгаришини билмаймиз. Аммо болаларимизни замонавий тенденцияларга мослашувчан қилиб тарбиялашимиз лозим.

Таълим мақсадлари мунтазам ўзгариб боради. Бугунги кунда олдимизда турган энг муҳим масалалардан бири 21 аср талабларига мос кадрлар қилиб тайёрлашдир. Бироқ мавжуд ёндашувларни ўзгартирмай туриб, бунга эришиш қийин.

Бунинг учун эса ўқувчиларга келажакда ҳақиқатда керак бўладиган малака ва кўникмаларни сингдириш лозим. Яъни ўқувчилар мавжуд билим ва кўникмалар орасидан ўзлари учун керакли бўлганларини танлаб олиш имкониятига эга бўлишлари керак.

Бу борада хаос юзага келишининг олдини олиш учун эса ўқув дастурларини такомиллаштириш ҳамда ўқувчилар фанларнинг ҳаётдаги ўрнини тушунишларига эришиш лозим.

Айни пайтда мамлакатингиз ажойиб бошланғич нуқтада турибди. «Таълим тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди, ўқув дастурлари янгиланмоқда. Ҳаттоки, ўқитувчилар ўз ишларига 15 фоиз ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга бўлмоқда.

Аммо бу жараёнда кичик жиҳат эътиборга олиниши лозим. Бу каби ўзгартиришларга ўқитувчиларнинг тайёргарлик даражаси етарли эмас. Чунки улар мактаблар билан амалга оширилаётган жараёнларга масъул эмас. Улар шунчаки, мактаб директорлари ёки директор ўринбосарлари томонидан берилган топшириқларни бажаришади.

Мен Қашқадарёдаги малака ошириш марказида 200 нафарга яқин директор ўринбосарларига дарс бердим. Ҳар сафар уларга 3 савол билан мурожаат қилдим: «Таълим тўғрисида»ги қонунни ўқиганмисиз?», «Янги ўқув дастурлари билан танишиб чиқдингизми?», «15 фоизлик ўзгартириш деганда, нимани тушундингиз?».

Дастлабки 2 та саволга ҳеч қандай жавоб ололмадим. Бу энг катта муаммо эмас. Бу шунчаки, керакли маълумотларни ўқитувчиларга қадар етиб бормаганлиги, тушунтириш ишлари етарли даражада эмаслигини англатади.

Иш жараёнларини 15 фоизга ўзгартириш билан боғлиқ саволга эса жуда ўзига хос жавоблар олдим. Жавоблардан бири 45 дақиқалик дарс вақтининг 6 дақиқасини бошқа ишлар учун сарфлаш мумкинлиги билан боғлиқ бўлди. Бошқа ҳамкасблари эса бу жавобнинг маошга таъсири ҳақида гапиришди.

Яна бошқа бири эса ушбу 15 фоиз фақат алоҳида эътиборга муҳтож ўқувчилар учун қўлланилишини айтди.

Аслида бу 15 фоизлик ўзгартириш таълимнинг мазмунига бориб тақалади. Мисол учун, бир ўқитувчи ҳафтасига 20 соат дарс берса, шундан 3 соатини ўзига мос тарзда ташкил этиши мумкин, дегани. Бу ўзига хос дарс режаси ёки янгича методлардан фойдаланишда кўзга ташланади.

Педагогларга бу каби ўзгаришлар моҳияти етиб бормаслиги соҳада йирик муаммоларни келтириб чиқаради.

Бундан ташқари, ўқитувчилар дарс жараёнларида фақатгина дарсликлар билан чекланиб қолмасликлари лозим. Бунда мавзуни ўқувчиларга етказиб беришда қўшимча адабиётлардан фойдаланиш дарсларнинг самарадорлигини оширади.

Биз Финляндияда ўқитувчиларга 3 та савол берамиз: биринчиси, «Нима?». Яъни «У берадиган таълимнинг мазмуни нималардан иборат?», «Қандай фактлар асосига қурилган?», «Таълим мазмуни ўзаро қайси нуқталарда кесишади?».

Иккинчиси, «Нима учун?». Яъни «Ушбу дастурдан ўқувчи қандай фойда кўради?», «Таълим жараёнлари имтиҳонлар учунми?», «Реал ҳаёт учунми?», «Келажак учунми?», «Касб учунми?».  

Учинчиси эса, «Қандай қилиб?». Яъни «Ўқувчиларга таълим бериш учун энг яхши метод нима?».

Ўйлайманки, Ўзбекистонда ҳам мана шу жиҳатлар эътиборга олинса, таълим жараёнларини такомиллаштириш осонроқ кечади», деди финляндиялик мутахассис.

Учрашув давомида Финляндия маслаҳатчи тақдимот қилиб Қашқадарё мактабларида амалга ошириш режалаштираётган лойиҳа ҳақида батафсил маълумот берди.

Хусусан, ўқитувчилар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, ўқув дастурлари такомиллаштириш, янгича дарс ўтиш методлари бўйича режалаштираётган ишлар юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди ва инспекция вакилларидан ўзини қизиқтирган бир қатор саволларга жавоб олди.

Таълим инспекцияси бошлиғи жаноб Петри Лоунаскорпига берилган батафсил маълумотлар учун миннатдорчилик билдирар экан, лойиҳа амалга оширишда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатларга тўхталиб ўтди.

«Президентимиз томонидан таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, яқинда Давлатимиз раҳбари томонидан Қашқадарё вилоятидаги 48 та мактабда келгуси ўқув йилидан Финляндия таълим тизимини жорий этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Ўзим ҳам ушбу вилоятда бўлиб, мактаблар фаолияти, ҳудуддаги педагоглар малакасини ошириш тизими билан танишдим. Шундан келиб чиққан ҳолда, айтишим лозимки, соҳадаги ислоҳотларни амалга оширишда, аввало, мактабларимиздаги таълим жараёнларини мазмунан бойитиш, педагогларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини қайта кўриб чиқиш керак.

Тақдимотингиздан кўриниб турибдики, бевосита жойига чиқиб мавжуд муаммоларни ўрганиб, лойиҳа ишлаб чиқилган. Бугун учрашувда муҳокама қилинган мавзулар ва таклифлар ҳам ушбу лойиҳани янада такомиллаштиришга хизмат қилишига умид қиламан. Ушбу лойиҳа Қашқадарё мактабларида муваффақиятли йўлга қўйилгач, бу тажрибани барча ҳудудларга ёйиш имконияти бўлади деб ҳисоблайман», деди Улуғбек Ташкенбаев.

Учрашув якунида лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.

 

ЎзА