Финляндиядан 100 ижтимоий инновация
Тошкентда 29 ноябрь куни “Финляндиянинг 100 та ижтимоий инновацияси" номли ўзбек тилида чоп этилган китоб тақдимоти бўлиб ўтди.
Тошкентда 29 ноябрь куни “Финляндиянинг 100 та ижтимоий инновацияси" номли ўзбек тилида чоп этилган китоб тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимотда Финляндиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси М.Лиивала, китоб муаллифи, экспертлар, юртимиздаги дипломатик корпуси вакиллари, кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тадбир Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил ҳамда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлиши муносабати билан уюштирилди.
Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи, жумладан, Финляндия муносабатлари барқарор ривожланиб келаётгани, кейинги йилларда бу муносабатлар янги поғонага кўтарилгани алоҳида қайд этилди.


Ушбу давлат бундан 50 йил бурун Европадаги энг қашшоқ мамлакатлардан бири эди. Бироқ финлар ривожланишда миллий қадриятларга таянди ҳамда энг илғор ғояларни ҳаётга жорий этишдан чўчимади. Жамиятдаги тенглик, ўзаро ишонч, келажакни ҳамжиҳат бўлиб яратиш иштиёқи бугунги муваффақиятларнинг бош омили бўлди. Ҳозир бу мамлакат тараққиётига ҳар қандай давлат ҳавас қилса арзийди.
Мамлакатда таълимга алоҳида эътибор қаратилди. Боғчадан тортиб олий ўқув юртларида таълим олиш текин қилинди. Коррупция даражаси пастлиги бўйича Финляндия дунё бўйича олдинги ўринларда. Сайёрамиздаги энг бахтли халқ, деганда ҳам финлар биринчи бўлиб тилга олинади.


Тадбирда китоб муаллифи Илкка Тайпале Ўзбекистонда улкан янгиланишлар кечаётганига гувоҳ бўлганини таъкидлади. Айни пайтда Ўзбекистон ҳам ўз тараққиётида инновацияларга устуворлик бераётгани, бу саъй-ҳаракатлар, албатта, ўз самарасини беражагини қайд этди.
Мазкур китоб 50 тилга таржима қилинган бўлиб, турли тилларга таржима қилиш бўйича финларнинг “Калевала” эпосидан кейин иккинчи ўринда турар экан. Тақдимотда сўзга чиққанлар китоб Ўзбекистонда ҳам кенг аудиторияга эга бўлишини таъкидлашди.
Китоб Рустамжон Сувонқулов таржимасида “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси томонидан нашр қилинган бўлиб, кенг жамоатчиликка мўлжалланган.