Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Финляндияда сақланаётган Ўзбекистон тарихига оид 300 дан ортиқ асарларнинг тақдири қандай?
22:03 / 2022-08-29

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессори, жаҳон адабиёти кафедраси мудири, Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори, инновацион лойиҳа аъзоси Гулноз Халлиева яқиндагина Финляндиядан қайтди.

Хўш, бу олима аёлни ўзга юртларда изланиш олиб боришига нима туртки бўлди? Илм йўли осон иш эмас, нина билан қудуқ қазишдек гап. У мана шу йўлда кўзлаган мақсадларига эриша оляптими?

ЎзА мухбири бу ҳақда Гулноз Халлиева билан суҳбатлашиб, юқоридаги саволларга жавоб олди.

ФИНЛЯНДИЯГА ИЛМИЙ САФАР

Чет элда сақланаётган Ўзбекистонга оид манбаларни ўрганиш зиёлилар олдида турган муҳим вазифалардан бири бўлиб, бу борада бир қанча ҳукумат қарорлари қабул қилинган. Жумладан, «Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида»ги 2017 йил 24 майдаги мамлакатимиз Президентининг қарорида белгиланган вазифалардан бири, нафақат юртимиздаги, балки хориждаги қўлёзмаларимизни ҳам тадқиқ ва тарғиб қилишга қаратилган.

Бугунги кунда шарқшунослик йўналишида амалга оширилаётган кўпгина илмий лойиҳалар ана шу вазифаларнинг ижросига қаратилган. Мен ғоя берганим, ёзганим ва иштирок этаётганим лойиҳанинг номи «Европа фондларида сақланаётган, Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган туркий қўлёзмаларнинг маълумотлар базасини ва “Yevroturcologica.uz” электрон платформасини яратиш» деб номланади. Лойиҳани амалга ошириш жараёнида хорижда сақланаётган, Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган Европадаги туркий қўлёзмаларнинг умумий маълумотлар базаси ва шу асосда веб саҳифаси яратилади. Лойиҳанинг муҳим аҳамияти хорижий фондлардаги туркий қўлёзмалар ҳақидаги янгиликларни юзага чиқариш билан боғлиқ.

Мен лойиҳа режаси асосида 2021 йилнинг декабрь ойида Германия, Берлин кутубхонасида, жорий йилнинг март ойида Франциянинг дунёга машҳур Париж миллий кутубхонасида ўз изланишларимни олиб бордим ва Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган 41 та қўлёзмани аниқладим, айримларини фотонусхасини олиб келдим.

1 августдан 26 августгача Финляндия ва бошқа шенген давлатларидаги кутубхоналарда ишлаш учун яна илмий сафарга юборилдим. Ушбу жараённи амалга оширишда, хусусан, шенген визасини олишимда Финляндиянинг Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистондаги элчиси Илкка Райсенен ва Финляндиянинг Ўзбекистондаги фахрий консули Алишер Жўраевнинг амалий ёрдамлари жуда катта аҳамиятга эга бўлди. Элчи жаноблари Илкка Райсененнинг жорий йилнинг май ойида юртимизга ташрифи чоғида мен улар билан учрашдим ва ҳар икки халқ учун фойдали бўлган илмий лойиҳамиз, Хелсинкидаги қўлёзмаларни ўрганиш зарурияти ҳақида батафсил гапириб бердим.

Шундан кейин менга Хелсинкидан бирйўла иккита таклифнома келди. Биттаси элчи жаноблари Илкка Райсенен томонидан, иккинчиси Финляндия миллий кутубхонаси раҳбарияти томонида юборилди.

ФИНЛЯНДИЯДА ЎЗБEКИСТОН ТАРИХИГА ОИД 300 ДАН ОРТИҚ ҚЎЛЁЗМА ВА ТОШБОСМА АСАРЛАР САҚЛАНАДИ

Шундай қилиб мен Хелсинки шаҳрида, Финляндия миллий кутубхонасида ишлашни бошладим. Финляндия миллий кутубхонаси 1640 йилда ташкил қилинган бўлиб, жуда бой кутубхона ҳисобланади. Унда нашр қилинган китоблардан ташқари турли халқлар маданияти ва тарихи билан боғлиқ қўлёзма асарлар, жумладан, туркий қўлёзмалар ҳам мавжуд. Бу ерда Ўзбекистон маданияти ва тарихига оид 300 дан ортиқ қўлёзма ва тошбосма асарлар сақланади. Бундан ташқари, Ўзбекистонда XX аср бошида нашр қилинган «Ойна», «Туркистон вилоятининг газети», «Садои Туркистон» каби барча газета ва журналларнинг микрофильмлари ҳам мавжуд. Кутубхона марказда, Хелсинки университети ёнида жойлашган.

Кутубхонанинг қўлёзмалар ўқиладиган бўлимида китобхонлар учун барча шароитлар мавжуд. Кутубхона ходимлари эса жуда ўз ишига фидойи инсонлар.

МEН ТОПГАН ЭНГ НОЁБ ҚЎЛЁЗМА ХОРАЗМ ТАРИХИГА ОИД

Ишни даставвал каталоглар орқали туркий қўлёзмаларни излашдан бошладим. Мен топган қўлёзмалар ичида энг ноёби Хоразм тарихига оид бўлиб, Мунис ва Огаҳий қаламига мансуб «Фирдавс ул -иқбол» асаридир. «Фирдавс ул-иқбол» асарининг фанга 9 та қўлёзма нусхаси маълум бўлиб, улардан 2 таси Россия Фанлар Академиясига қарашли Шарқ қўлёзмалари институтининг қўлёзмалар фондида (Санкт-Петербург), 5 таси ЎзРФАнинг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида, 1 таси Хелсинки кутубхонасида (Финляндия), яна бири Истанбул кутубхонасида сақланмоқда. Булар орасида Хелсинки нусхаси жуда ноёб нусха саналади. Асар 1812 варақдан иборат.

«ХУДДИ АМEРИКА ОЧГАНДEК ҚУВОНИБ КEТДИМ...»

Энг қизиғи, бу қўлёзма олдин россиялик шарқшунос М. Бекчурин (1819-1887) шахсий архивида сақланган. 2009 йилда Санкт-Петербург шаҳрига илмий сафарим давомида кўп архивларда ишлашимга тўғри келган ва шундай архивларнинг бирида Амирханянс деган руҳонийнинг М.Бекчуриндан «Фирдавс ул -иқбол» асари қўлёзмасини олиб ўқигани ҳақидаги хабарни, ундан кейин Амирханянснинг бу борада ёзган 18 бетлик тақризини топишга муваффақ бўлдим. Тақриз 1880 йилда ёзилган ва унда ушбу асар 906 бет, 1812 варақдан иборатлиги, жуда ноёб тарихий маълумотларга эгалиги ҳақида ёзилган.

Мен бу ҳақда кейинчалик мақола ёзганман ва эълон қилганман (https://cyberleninka.ru) Финляндияга келиб, «Фирдавс ул-иқбол» асарини биринчи бетини очишим биланоқ, бу айнан ўша Амирхананяс ўқиган қўлёзма эканига шубҳа қолмади. Чунки биринчи бетидаёқ М. Бекчурин шахсий архивидан олингани ёзилган ва қўлёзмадаги барча қайдлар Амирхананяс тақризидаги дастхат билан бир хил бўлиб чиқди. Худди Америка очгандек қувониб кетдим... Гарчи қўлёзмани 10 кун ичида кузатиб бўлган бўлсамда, кетгунимча, яъни 25 августгача, тўғрисини айтсам, қайтиб бергим келмади...

Ҳар куни бир бағримга босиб қўярдим... Мени «нега шундай ноёб асаримиз ўзимизда эмас», деган савол қийнарди... Мендан олдин бу асарни охирги марта кузатган шарқшунос америкалик олим Ю.Брегел (1925-2016) бўлган экан....

Кутубхонадан ташқари Хелсинки университетидаги таълим тизими, айниқса, илмий-педагогик фаолиятдаги илғор ғоялар, тилшунос ва адабиётшунос олимлар билан танишдим. Университет бир нечта бинолардан иборат бўлиб, асосий биноси марказда жойлашган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Финляндия Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси (қароргоҳи Рига шаҳрида) Қадамбой Султанов билан учрашиб, фикр алмашдим. Улар фин ва ўзбек халқи ўртасида маданий-адабий алоқаларни ривожлантириш борасида ҳамкорлик қилиш зарурлигини алоҳида таъкидладилар.

Албатта, Финляндиянинг мафтункор табиати, бир-биридан чиройли ороллари, ҳашаматли бинолари ва одамларнинг миллий анъаналарига содиқлиги, одамийлиги, беғуборлиги ҳам мени бефарқ қолдирмади. Қаерга борсам, доим фин халқининг хайрихоҳлигини, ёрдам бериш истаги билан ёниб турган меҳр тўла кўзларини кўра олдим.

Ёзаман десам, таассуротлар кўп, орада қўлёзмаларни кўриш ва қиёслаш учун Австрия, Чехия, Швейцария кутубхоналарига ҳам бориб келишимга тўғри келди. У жойлардан ҳам Ўзбекистонимизда мавжуд бўлмаган ўнлаб қўлёзмаларни топдим. Биронта жойда қўлёзмаларни маълум бетларини расмга олишимга қаршилик ёки бюрократик тўсқинлик, расмиятчилик бўлмади.

Вена виқорли оппоқ бинолари, мусиқий оҳанглари, Чехия гўзал табиати ва обидалари, Швейцария бетакрор ўрмонли тоғлари ва мовий кўллари билан ўзига мафтун қилди. Аммо ҳеч бирини Ўзбекистонимга алишмайман... Айниқса, Венада юртим байроғини осиғлиқ турганини кўрганимда, шодлигимдан, ёш боладек ўзимни қўярга жой тополмадим. Қайта-қайта бориб суратга тушдим.

Венада ҳамкасбимиз, Ўзбекистон жаҳон тиллари университети доценти, лойиҳалар ютишда доим фаол олимимиз Лутфулло Холиёровни учратиб қолдим. Байроғимиз остида расмга тушдик...

ЮҚОРИ ЛАВОЗИМДАГИ ОДАМНИ БУНЧАЛИК КАМТАР БЎЛГАНИНИ КЎРМАГАНМАН

Кетишимдан икки кун олдин – 24 август куни Финляндиянинг Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистондаги элчиси Илкка Райсенен жаноблари билан яна учрашдим. Топган янгиликларим, келажакдаги режаларим ҳақида гапириб бердим. Умрим бино бўлиб, юқори лавозимдаги одамнинг бунчалик камтар бўлганини кўрмаганман. Соат 17 да кутубхона биноси олдида кўришдик, кейин бир пиёла чой устида суҳбатлашдик.

Илкка Райсенен жаноблари ҳар икки халқ учун фойдали бу каби лойиҳаларга эътиборни кучайтириш, Хелсинки университетида олдингидек, туркология бўлимини очиш, профессорлар алмашинувини академик ҳамкорликни йўлга қўйиш, экспозициялар ташкил қилиш, қўлёзмаларни ўрганишга ёш шарқшуносларни жалб қилиш ҳақидаги фикрларимни қўллаб-қувватладилар, ҳар жиҳатдан ёрдам беришга тайёр эканлигини таъкидладилар.

Хуллас, Финляндияга бир ойлик сафарим ниҳоясига етиб, уйга кетишга тайёргарликни бошладим. Фарзандларимни жуда соғиндим. Мусофир бўлмагунча, мусулмон бўлмаслик ҳақиқатини шу сафар яхши англадим. Бу менинг энг узоқ кетган сафарим эди.

Европа бўйлаб илмий сафарим давомида эришилган натижалар келажакда кўп тадқиқотларга йўл очишига ишонаман. Бу борада Тошкент давлат шарқшунослик ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетлари раҳбарияти доим қўллаб-қувватлайди. «Европа фондларида сақланаётган, Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган туркий қўлёзмаларнинг маълумотлар базасини ва “Yevroturcologica.uz” электрон платформасини яратиш» деб номланган лойиҳамиз асосида ҳали кўпгина қўлёзмалар аниқланади ва халқимизга, ҳақиқий эгасига қайтарилади.

Нигора Раҳмонова суҳбатлашди, ЎзА