English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Финляндияда маданият, қадрият, тарбия тушунчалари ҳар бир педагог дарс мазмунининг асосидир
14:08 / 2024-03-02

Президентимизнинг 2020 йил 6 ноябрдаги “Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2022 йил 21 июндаги “Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари асосида таълим соҳасига илғор хорижий тажрибалар асосидаги янгиликлар жорий этилмоқда.

Шу мақсадда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистоннинг Швециядаги элчихонаси, Финляндиянинг Ўзбекистондаги фахрий консуллиги кўмагида Хельсинки, Юваскула педагогика университетлари ва Швециянинг Содерторн университети билан ҳамкорликда халқаро малака ошириш курслари ташкил этилди.  

Малака ошириш жараёнида делегациямиз аъзолари таълим соҳасидаги мутахассислар кўмагида мактаблар ва олий таълим тизими фаолияти билан яқиндан танишди.  

Таълим сифати бўйича дунёнинг етакчи мамлакати саналган Финляндияда “Мактаб болани мустақил ҳаётга ўргатиши керак”, деган  тамойилга риоя этилади. Шу боис ҳам финлар орасида “Ё ҳаётга тайёрлаймиз, ёки – имтиҳонларга. Биз биринчисини танлаймиз”, деган ибора машҳур.  

“Ўз ҳаётига – ўзи масъул!” шиори фин ёшларини келажак сари етаклайди. Ўқувчини оддийликдан мураккаблик сари юришга ўргатиш, амалий жиҳатдан фойдали бўлган касбга йўналтириш айнан мактаб давридан бошланади.  

Делегациямиз тўхталган биринчи манзил – бу мактаблар бўлди. Қизиқ жиҳати, бу ерда мактаб фаолияти 3 йўналишда олиб борилар экан. Villages – бу алоҳида бўлимлар (бинолар) бўлиб, уларда 1-2-синфлар алоҳида, 3-5-синфлар алоҳида, 6-синфлар алоҳида ва 0-9-синфгача махсус синфлар алоҳида таълим оладиган ҳудудлардир. Бу ерда 90 нафардан 140 нафаргача ўқувчига 10 нафар ўқитувчи ва ассистент сабоқ берар экан.  

Финляндия таълимида ўқишни истаган одам ўқийди, деган омил мавжуд. Қолаверса, педагоглар ўқувчининг эътиборини дарсга қаратишга ҳаракат қилади. Ҳар бир ўқитувчи ўзи тўғри деб билган услубни қўллайди. Турли замонавий технологиялар асосига қурилган дарс сифатига ўқитувчи жавобгар.  

Энг яхши тизимда ҳам камчиликлар бўлиши табиий ҳол, албатта. Шунинг учун ҳам финлар эришилган ютуқлар билан чегараланиб қолмай, изланиш, имконият, қатъий тартиб, ишонч ва тадқиқ ҳар қандай муаммонинг ечими, деб билади.    

Мактаб таълимида имтиҳонлар йўқ.  Назорат ишлари ва оралиқ тест синовлари ўқитувчининг танловига қараб белгиланади. Умумтаълим мактабини тугаллашда фақат биргина мажбурий стандарт – тест ўтказилади. Эътиборлиси, маданият, қадрият, тарбия тушунчалари ҳар бир педагог дарс мазмунининг асоси эканига гувоҳ бўлдик.  

Финляндия ва Швециядаги олий таълим тизимида талабаларга яратилган шароит ҳамда уларга билим беришнинг янгича ёндашуви ва янгича усуллари бизни ҳайратга солди. Талабаларда, асосийси, бир одат шаклланган: дарс жараёнларида оддий ҳолатдан мураккабликни кўра олиш ва яратувчанлик қобилиятини кўрсата олиш лозим.  

Хизмат сафаримиз мобайнида жаҳонга машҳур педагогик таълимга ихтисослашган Хельсинки ва Юваскула педагогика университетларида ҳам бўлдик. Дарс ҳар қандай тоифа учун бир хил тарзда, бир хил услубда ташкил этилган. Мустақил таълимга эътибор катта, ўзлаштира олмаётган талабанинг ўзи бўлмайди. Уларга турли хилдаги стипендиялар тақдим қилинади ва битирувчилар тараққий этган нуфузли компаниялардан иш таклифини қўлга киритади.  

Яна бир муҳим жиҳат: баҳолаш дастурлари орқали Финляндия таълим тизими далиллар асосида ўрганиб борилади ва ушбу таҳлилий маълумотлар тингловчиларга тақдим этилади. Маъруза машғулоти давомида тингловчилар Финляндия ва бошқа бир қатор давлатлар таълим тизимининг сўнгги 20 йилликдаги натижалари ва уларнинг таҳлиллари билан танишди. Маъруза якунида таълим тизими, жумладан, ушбу тизим сифатини баҳолаб боришнинг ютуқлари ва камчиликлари, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган масалалар юзасидан қизғин савол-жавоблар бўлиб ўтди.  

Университет кутубхонаси, ўқув, илмий адабиётларни сақлаш музейлари, илмий нашрлар, монографиялар, нашриёт ва тадқиқот марказлари, шунингдек, талаба-ёшлар ва ушбу базадан фойдаланишни истаган фуқаролар учун бериладиган бепул онлайн маълумотлар платформаси мавжуд. 2022 йилда университет олимлари томонидан 3,5 мингдан ортиқ илмий ресурс яратилган бўлиб, ушбу маълумотларнинг 80 фоизи платформага жойлаштирилган ва ундан барча фойдаланиши мумкин.  

Финляндияда кенг фойдаланиладиган 5 босқичли таълим дастури мавжуд.  Бу мулоқот ва ҳамкорлик, ўрганиш ва йўналиш, таълим, жамият ва ўзгариш, билиш ва тажриба, илмий фикрлаш ва билимдан ташкил топган.  

Швециянинг Стокгольм шаҳрида Содерторн университетида олиб борилган музокаралар давомида Ўзбекистон олий таълим муассасалари ва мазкур университет ўртасида педагог ва ўқитувчиларни тайёрлаш соҳасида қўшма дастурларни ишлаб чиқиш, ўқитувчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, Швецияда қисқа малака ошириш курсларини ташкил қилиш, Тошкент ва Стокгольм шаҳарларида қўшма конференциялар ва семинарлар ўтказиш ҳамда бошқа бир қатор йўналишларда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди.  

Ташриф якунида Содерторн университети билан қатор соҳаларда ҳамкорлик қилиш бўйича муҳим келишувларга эришилди. Хуллас, таассуротлар бир олам. Ўрганилган тажрибалар амалда татбиқ этилса, таълим тизимимизда яхши ўзгаришлар бўлишига шубҳа йўқ.    

Зокир Бозоров,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети

таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи.

ЎзА