Жорий йилнинг 6 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди.
Фармонда мактаб таълими бўйича илғор давлатлар тажрибасини, хусусан Финляндия таълим тизимининг ўзига хос хусусиятларини ўрганиш вазифаси юклатилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан айнан Финляндия мисол қилиб кўрсатилгани бежизга эмас. Ушбу мамлакат таълим сифатини баҳолаш бўйича ўтказилган халқаро тадқиқотлардаги ўз муваффақиятлари билан ажралиб туради. Фин ўқувчилари PISA тадқиқотидаги барча йўналишларда саводхонлик ва таълим тенглиги кўрсаткичлари бўйича энг яхши натижаларга эришган.
Халқаро ўқувчиларни баҳолаш дастури (PISA - The Programme for International Student Assessment) шундай тадқиқот дастурларининг энг кенг тарқалгани ҳисобланади.
PISA тадқиқотларида 2015 йилда 72 та мамлакатдан 500000 нафардан ортиқ ва 2018 йилда 79 та давлатдан 600000 нафардан кўпроқ 15 ёшли йигит-қизлар иштирок этишган.
PISAнинг ўзига хос хусусияти шундаки, у соф билимни эмас, балки турли соҳаларда саводхонликни баҳолайди. Саводхонлик – “ўқувчиларнинг асосий мавзулар бўйича билим ва кўникмаларни қўллаш қобилияти, турли вазиятларда муаммоларни аниқлаш, талқин қилиш ва ҳал қилишда самарали таҳлил қилиш, мулоҳаза юритиш ва мулоқот қилиш қобилияти” сифатида изоҳланади. PISA дастури доирасида ҳар 3 йилда такрорланувчи циклларда ўқувчиларнинг математик, табиий фанлар ва ўқиш фанлари саводхонлиги баҳоланади.
PISA ТАДҚИҚОТИДА ФИНЛЯНДИЯ
PISA дастури 2000 йилда ташкил этилгандан буён Финляндия унда мунтазам қатнашиб келмоқда ва эришган натижалари билан фин таълим тизими дунёдаги кўплаб мамлакатларининг эътиборини ўзига жалб қилмоқда. Ўтказилган еттита PISA циклининг натижаларида озгина тебранишлар ва сўнгги икки циклда бироз пасайиш кузатилсада, Финляндия таълим тизими PISA тадқиқотлари натижалари бўйича узоқ даврда энг яхши натижаларга эришган давлатлардан бири ҳисобланади.
Бундан ташқари, кейинги муҳим жиҳат шундаки, Финляндия PISA тадқиқотларида иштирок этувчи мамлакатлар орасида ўқувчиларнинг ҳафталик ўқув юкламаси энг қисқа давлат ҳисобланади. Фин ўқувчилари ҳафтада барча фанларни ўрганиш учун ўртача жами 36,1 соат сарфлайдилар, ушбу кўрсаткич мактаб ва мактабдан ташқари ўқув жараёниниўз ичига олади. Энг қисқа ўқиш вақти ва юқори баллар Финляндия таълим тизимининг жозибадорлигини орттирди.
ФИН ЎҚУВЧИЛАРИНИНГ PISA ДАГИ НАТИЖАЛАРИ
Саводхонлик тури | 2000 | 2003 | 2006 | 2009 | 2012 | 2015 | 2018 |
Ўқиш | 546 (1)* | 543(1) | 547(2) | 536(2) | 524(3) | 526(2) | 520 (5) |
Математика | 536(4) | 544(1) | 548(1) | 541(2) | 519(6) | 511(7) | 507 (12) |
Табиий фанлар | 538(3) | 548(1) | 563(1) | 554(1) | 545(2) | 531(3) | 522 (9) |
*Қавс ичида Финляндиянинг PISA тадқиқотидаги рейтинги кўрсатилган.
Маълумот учун: Финляндия Республикаси PIRLS (The Progress in International Reading Literacy Study – бошланғич 4-синф ўқувчиларининг матнни ўқиш ва тушуниш даражасини баҳолаш) тадқиқотида2011 (568 балл) ва 2016 (566 балл) йилларда иштирок этган ва мос равишда 3 ва 5-ўринларни эгаллаган.
ФИН ТАЪЛИМ ТИЗИМИ
Финляндиянинг асосий таълим тўғрисидаги қонунида (1998 йил) Финляндия таълимининг учта асосий мақсади белгилаб берилган: (1) ўқувчиларга ҳаётда зарур бўлган билим ва кўникмаларни бериш, (2) жамиятда ривожланиш ва тенгликни тарғиб қилиш ҳамда (3) бутун мамлакат бўйлаб таълим соҳасида тенгликни таъминлаш.
Финляндия аҳолиси бугунги кунда 5,5 млн. кишини ташкил этади ва мамлакатда мавжуд 2341 та умумтаълим мактабларида тахминан 560500 нафар ўқувчи таҳсил олади. Мактабларда ҳафтасига 5 кунлик ўқиш жорий этилган. Барча мактаблар бир хил мавқега эга, болалар қобилиятига кўра турли синф ёки ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ажратиб ўқитилмайди.
Фин мактабларида бошланғич таълим 6 йил давом этади ва 3-синфгача болаларга баҳо қўйилмайди, ўқитувчилар томонидан уйга вазифа деярли берилмайди, 2017 йилдан аксарият мактаблар дарс вақтида “ручкадан воз кечишган” ва дарс жараёнида тўлиқ компьютер ва планшетлардан фойдаланилади.
Финляндия таълим тизими икки босқичли маъмурий тузилишга эга: Таълим ва маданият вазирлиги (Ministry of Education and Culture)ҳамда вазирлик ҳузурида фаолият юритадиган, лекин ўз фаолиятида мустақил Миллий таълим агентлиги(Finnish National Agency for Education).
Агентлик мактабгача ва мактаб таълимини, вазирлик эса олий таълим тизимини бошқаради.
Финляндия таълим сиёсатида учта муҳим тамойил мавжудлигини таъкидлаш мумкин: билимга асосланган жамият ҳақидаги қарашларни қўллаб-қувватлаш, таълим тенглигини таъминлаш ва маҳаллий ҳокимият ваколатларини кучайтириш. Маҳаллий ҳокимият ваколатларини кучайтириш жараёнини ўтган асрнинг 70 йилларидан 2000 йилларга қадар Финляндия таълим тизимидаги энг муҳим ўзгаришлардан бири сифатида таъкидлаш мумкин.
Таълим муассасаларини бошқариш асосан маҳаллий ҳокимиятлар томонидан амалга оширилади. Таълим муассасаси фаолиятига деярли ҳеч ким аралашмайди. Финляндия таълим тизимининг яна бир тамойили бўлган ишонч маданияти туфайли мактабларга текширув ташрифлари йўқ.
Финляндия таълим тизимининг асосини қуйидаги 7 та тамойил ташкил этади дейиш мумкин:
|
|
- Тенглик - Финляндиядаги барча мактаблар ўқувчиларга бир хил шароит ва бир хил таълим тизимини тақдим этади.
- Бепул таълим - бепул таълим бериш билан биргаликда ўқувчиларга барча ўқув жиҳозлари ва тушлик ҳам бепул тақдим этилади.
- Индивидуаллик – дарсларни ўзлаштириши қийин бўлган ўқувчилар билан ўқитувчилар ёки яхши ўзлаштирган ўқувчилар алоҳида шуғулланишади. Финляндияда ўқувчилар қўшимча дарсларга қолдирилмайди.
- Амалийлик – ўқувчиларни имтиҳонга эмас балки ҳаётга тайёрлаш. Дарсларда ўқувчилар, масалан, виза картадан қандай фойдаланиш, шартномалар тузиш, сайтлар яратиш, тикиш, овқат пишириш, маркетинг ва сотув ишлари билан шуғулланиш каби амалий ишлар билан шуғулланадилар.
- Ишонч ва ўқитувчилар салоҳияти – барча мактаблардаги ўқитувчилар магистратура даражасига эга бўлишлари шарт. Ўқувчиларга уй вазифаси деярли берилмайди, ота-оналар фарзандлари билан уйда шуғулланмайди ва ўқитувчиларнинг ўқувчиларни ҳаётга тайёрлашига тўлиқ ишонишади.
- Ихтиёрийлик – дарс жараёнида қай даражада иштирок этиш ўқувчилар ихтиёрида. Ўқитувчилар ўқувчиларни дарсга қизиқтира олмасалар ўқувчилар синфни тарк этиши ёки ўзлари ёқтирган бошқа бирор машғулот билан шуғулланишлари мумкин.
- Мустақиллик – фин таълим тизимида ўқитувчилар ўқувчиларни имкон қадар ўзлари билим ва кўникмаларни ўзлаштиришлари кераклигига йўналтиради. Билимларни ҳаётда қандай татбиқ этиш кўникмалари амалий машғулотлар ёрдамида шакллантирилади. Ўқувчиларнинг ҳар қандай фикрлари инобатга олинади ва қўллаб қувватланади.
Финляндия таълимининг муҳим хусусиятларидан яна бири шундаки, у барча даражаларда,яъни мактабгача таълимдан олий таълимга қадар тўлиқ бепул таълим олишни таъминлайди. Шунингдек, барча ўқув материаллари, дарсликлар, соғлиқни сақлаш хизматлари ва мактабга қатнаш транспорт хизматлари ҳам бепул амалга оширилади ҳамда бошланғич ва ўрта таълимда барча ўқувчиларга мактабларда бепул тушлик берилади.
Финляндияда ўн йиллик мажбурий таълим давомида миллий имтиҳон йўқ. Барча мактабларда бир хил таълим берилади, ўқувчилар муваффақиятига қараб турли мактабларга бирлаштирилмайди ва деярли барча ўқувчилар уйлари яқинидаги мактабга боришади.
Финляндия таълим тизими важамияти ўқитувчиларнинг малакасига таянади.Финляндия таълимини баҳолаш маркази таълимдаги баҳолашни бутун мамлакат бўйлаб олиб боради. Баҳолашларнинг асосий мақсади таълим соҳасидаги манфаатдор томонларни тегишли фикр-мулоҳазалар билан таъминлашдир ва улар ўқитувчиларга текширув ташрифларини ўз ичига олмайди.
ФИНЛЯНДИЯ МУВАФФАҚИЯТИНИНГ САБАБЛАРИ
Финляндия таълим тизимининг муваффақияти бир қанча омиллар тизимидан таркиб топган ва бунда ўқитувчиларнинг салоҳияти ушбу тизимнинг энг муҳим омили ҳисобланади.
Шунингдек, таълимда тенг шароитлар, узоқ муддатли таълим сиёсати, ишонч маданияти ва мустақил таълим олиш одатига урғу бериш бу муваффақиятнинг бошқа сабаблари ҳисобланади. Ўқитувчилар ва ўқувчилар ўртасидаги юқори даражадаги ҳамкорлик таълим тизимининг узлуксиз ишлашига ёрдам беради.
Финляндия қирқ йилдан зиёд вақт мобайнида кенг қамровли ва узоқ муддатли таълим ислоҳотини олиб бормоқда. Финляндиянинг муваффақияти изчил ва узоқ муддатли таълим ислоҳоти билан чамбарчас боғлиқ. Иккинчидан, Финляндия муваффақиятининг сабабларини ўрганаётган кўплаб тадқиқотчилар, бир-бирига боғлиқ бўлган турли хил омилларга асосланишини таъкидлайдилар. Уларни уч гуруҳга ажратиш мумкин: ўқитувчилар салоҳияти, таълим сиёсати ва фин маданиятибилан боғлиқ омиллар.
Ўқитувчиларнинг юқори салоҳияти биринчи навбатда ўқитувчиларни тайёрлаш бўйича ўқитиш дастурларига боғлиқдир. Энг яхши ўрта мактаб битирувчилари бўлажак ўқитувчи сифатида танлаб олинади.Юқори малакали ўқитувчилар Финляндия таълим тизими муваффақиятига таъсир кўрсатадиган бош омил дейиш мумкин.
Бўлажак ўқитувчилар учун алоҳида ўқув мактаблари белгиланади ва улар одатда ўқув вақтларининг 10-15 фоизини ушбу мактабларда ўтказадилар. Ўқув мактаблари талаба-ўқитувчиларга барча керакли ўқув материаллари билан таъминланган алоҳида хона ажратиб берадилар. Талаба-ўқитувчилар дарс жараёнларини кузатиш билан биргаликда таълим жараёнида ҳам фаол қатнашиб, катта тажриба тўплашади ҳамда мактаб жамоаси ва ўқувчилар ҳам улардан жуда фойдали ёрдам олишади.
Ўқитувчиларнинг таълим тизимидаги мослашувчанлиги ва мустақиллиги ҳам таълим сифатини таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Ўқитувчилар малака ошириш курсига қўшилишни хоҳласа, маъмурият уларни доимо қўллаб-қувватлайди. Ўқитувчилардан фақатгина малака ошириш дастурида ўрганган нарсаларини мактабдаги бошқа ўқитувчилар билан бўлишиши сўралади.
Иккинчи гуруҳ сифатида қайд этилган Финляндия таълим сиёсатининг тўртта муҳим жиҳатига эътибор қаратиш лозим. Уларга изчил ва узоқ муддатли сиёсат, билимга асосланган жамиятга содиқлик, таълим тенглиги ва маҳаллий ҳокимиятнинг таълим соҳасидаги ваколатларини кенгайтиришлар киради. Мазкур тўртта жиҳат 1970 йиллардан бери муваффақиятли таълим ислоҳоти асосларини ташкил этди, натижада кучли таълим тизими яратилди.
Таълим сиёсати билан боғлиқ яна бир жиҳат - бу таълим муассасаларига нисбатан марказий ва маҳаллий бошқарувнинг балансидир. Қарор қабул қилиш жараёнида маҳаллий ҳокимият органлари, мактаблар ва ўқитувчилар мустақилликка эга, бу ўз навбатида уларга ўқув жараёнларини самарали ташкил этиш учун катта масъулият юклайди.
Учинчи омиллар гуруҳи сифатида фин маданияти билан боғлиқ омиллар қайд этилган. Буларнинг биринчиси - ишонч маданияти, яъни таълим муассасаларига ва хусусан, ўқитувчиларга бўлган юксак ишонч. Иккинчиси – Финляндия жамиятида ва халқ маданиятида ўқитувчилик энг обрўли ва юқори баҳоланадиган касблардан бири ҳисобланади.
Таълим тизими томонидан бериладиган ўқитувчиларнинг автономлиги бу касбни фин халқи учун янада жозибали қилади. Ўқитувчилар юқори салоҳиятга эгалиги, шубҳасиз, фин ўқувчилари муваффақиятининг энг асосий элементларидан биридир.
Мактаб маъмурияти ва ота-оналар ўқитувчиларнинг ўз вазифасига катта масъулият билан ёндашишларига қаттиқ ишонадилар. Шунингдек, Финляндия таълим тизимида барчанинг тенглик тамойили жуда қадрланади, алоҳида эҳтиёжлари бўлган ўқувчилар учун қўшимча куч ва маблағ сарфланади.
Финляндияда таълим ислоҳотларининг муваффақиятида фин халқининг ўзаро тенглик ва ҳамкорлик қадрияти, шунингдек, таълим тизими ва бошқа ижтимоий хизматлар ўртасида жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш бўйича юқори даражадаги ҳамкорликнинг мавжудлиги ва уларнинг ягона уйғунликда фаолият кўрсатиши ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Бундан ташқари, Финляндия муваффақиятининг сабаблари ҳақида гапирар эканмиз, ушбу ютуқнинг яна бир томони Финляндия таълимида нимага урғу берилсаPISA дастуридаги баҳолашлар ҳам айнан шулар билан чамбарчас боғлиқ. Яъни ўқувчиларга фақат билим бериш ўрнига, саводхонлик қобилиятларини ривожлантириш Финляндия таълимининг марказида туради, бу фин ўқувчиларига PISA каби саводхонликка йўналтирилган баҳолаш тизимида устунлик беради.
Ўқитувчиларнинг юқори салоҳиятга эга эканлиги фин таълим муассасаларининг муваффақиятга эришишидаги навбатдаги энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Синф раҳбарлари ҳам, фан ўқитувчилари ҳам ўқитадиган фан мазмунини жуда яхши билишади ва ўқувчиларнинг синфларда фаол бўлишлари учун турли хил ўқитиш методикаларидан фойдаланадилар. Шунингдек, улар билимларни тушунтириш учун кўплаб кундалик ҳаётий мисоллардан фойдаланадилар.
Бундан ташқари, фин жамиятида мавжуд юқори савиядаги китобхонлик маданияти ҳам ўқувчиларнинг муваффақиятига бевосита таъсир қилади. Финляндияда кутубхоналар тармоғи жуда зич жойлашган ва улар доимо гавжум.
Хулоса қилиб айтганда, Финляндия таълим тизимининг муваффақияти фин халқининг қадриятлари ва маданият билан чамбарчас боғлиқ. Финляндия муваффақиятидан сабоқ олиш, таълим тизимини чуқур ўрганган ҳолда ундаги муҳим жиҳатларни ўзимизгамослаштирган ҳолда фойдаланишимиз зарур.
ХУЛОСА ВА ТАКЛИФЛАР
Финляндия таълим тизимини батафсил таҳлил қилиш орқали кўплаб хулоса ва таклифлар ишлаб чиқиш мумкин. Улардан баъзилари қуйидагилар:
• Финляндия муваффақиятини битта омил ёрдамида тушунтириш мумкин эмас, чунки бир-бири билан жуда боғлиқ бўлган омиллар тармоғи мавжуд;
• Ҳар қандай таълим ислоҳоти узоқ муддатли сиёсатни талаб қилади;
• Фин халқининг асосий қадриятлари Финляндияда таълим муваффақиятининг муҳим қисмидир.
Тенглик ва ҳамкорлик Финляндия таълим тизимини ҳамжиҳатликда ишлашга мажбур қилади.
• Ўқитувчиларнинг салоҳияти энг муҳим омил ва бу бошқа кўплаб омиллар билан, масалан, ўқитувчиларни тайёрлаш таълим сифати, ўқитувчилик касбининг жамиятдаги обрўси ва ўқитувчиларнинг меҳнат шароитлари билан боғлиқ.
• Турли хил маданият ва қадриятларга эга бўлган ва юқори натижаларга эришган мамлакатларнингPISA дастуридаги муваффақиятларига таъсир қилувчи омиллар бўйича таққослаш қайси маданий шароитда қайси омиллар ишлашини аниқлашга катта ёрдам бериши мумкин.
Ушбу маълумотлар интернет маълумотлари асосида тайёрланган бўлиб, Президентимизнинг қарорига асосан Финляндиянинг таълим соҳасидаги ижобий тажрибасини, шу жумладан ўқув дастурлари, дарсликлари, ўқитиш методикалари ва педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими жойига борган ҳолда ўрганиш белгиланган.
Х.Даминов,
Халқаро тадқиқотларни амалга ошириш
Миллий маркази директори ўринбосари.
З.Қосимова,
Халқаро тадқиқотларни амалга ошириш
Миллий маркази бош мутахассиси