Финландия Ўзбекистонда қонун устуворлиги соҳасидаги лойиҳани амалга ошириш учун 1,5 миллион евро ажратди.
Ўзбекистоннинг Ригадаги элчихонаси берган маълумотга кўра, лойиҳа БМТ Тараққиёт дастури (БМТ ТД)нинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилади ва 3 йилга мўлжалланган. Тегишли ҳужжат Финландиянинг Ўзбекистондаги элчиси Илкка Райсанен ва БМТ ТД вакили Матильда Димовска томонидан имзоланди.
Лойиҳа эркин ҳуқуқий ёрдамни кенгайтириш орқали кам таъминланган фуқаролар учун одил судловдан фойдаланиш имкониятини оширишга қаратилган. Шу билан бирга, Омбудсман идорасининг заиф гуруҳларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бўйича марказий ва минтақавий салоҳиятини мустаҳкамлашга, фуқаролик жамиятининг адолат ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш имкониятларини кучайтиришга йўналтирилган.
Лойиҳага эксперт ёрдами мамлакатнинг собиқ адлия вазири Туйя Бракс бошчилигидаги Хельсинки университети қошидаги Қонун устуворлиги маркази томонидан кўрсатилади. Марказнинг бир гуруҳ экспертлари жорий йил 23-25 август кунлари мамлакатимизда бўлди.
Қайд этиш жоизки, қонун устуворлиги Финландия Ташқи ишлар вазирлигининг 2024 йилгача Марказий Осиё бўйича мамлакат стратегиясида белгиланган ҳамкорликнинг учта асосий йўналишларидан бири бўлиб, Барқарор иқтисодий ривожланиш ва табиий ресурсларни бошқаришни такомиллаштириш ҳисобланади. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонга стратегия доирасидаги ёрдамнинг умумий миқдори 25 миллион еврони ташкил этади.
ЎзА