Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Филологияга доир халқаро илмий-амалий анжуман
08:07 / 2024-10-18

Гулистон давлат университетида “Филология истиқболлари ва чет тилларини ўқитишнинг амалий имкониятлари" мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Анжуманда  Россия Федерацияси, Туркия, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Тожикистон каби дунёнинг кўпгина давлатларидан ташриф буюрган турли университетларнинг малакали, тажрибали профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Тадбирни  Гулистон давлат университети ректори, техника фанлари доктори, профессор Муҳсин Ходжиев кириш сўзи билан очаркан  "Гулистон давлат университетида   ўтказилаётган халқаро илмий-амалий анжуман соҳани ривожлантиришга  масъул бўлган мутахассисларнинг бошини бир жойга қовуштириб, муаммоларни ўрганиш ва тавсиялар ишлаб чиқишга имконият яратиб қолмай,  соҳа мутахассисларини бир стол атрофида бирлашиб тажриба алмашиши, янги ғоялари билан ўртоқлашиши, соҳага оид муаммоларга ечим излашида  улкан тажриба майдони вазифасини ўтайди" деди.

Муҳсин Ходжиев  “Хорижий тилларни ўқитиш сифатини яхшилаш, илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш, аҳолининг хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқишини ошириш” тўғрисида маъруза қилган бўлса, Қозон федерал университети ўқитувчиси, педагогика фанлари номзоди, доцент Алина Раҳимова "Рақамли таълим муҳитида талабаларнинг мустақил иши", Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ўқитувчиси, профессор  Гулнора Маҳкамова "Инглиз тилида сўзлашувчи тил маданиятининг коммуникатив стратегиясининг ахлоқий ва қадрият компоненти",  Бирлашган Араб Амирлигидаги  Ал-Аин университети профессори Фирас Тайсеэр Муҳаммад Аясраҳ "Электрон таълим ва унинг муаммолари" мавзуларига эътиборни қаратди.

– Мазкур халқаро илмий-амалий конференция  чет тилларини ўқитишда креатив ёндашиш ҳамда талабаларда тил талаффузларига оид масалаларни халқаро ҳамкор экспертлар билан биргаликда муҳокама қилиш учун катта имконият бўлди. Чет тилларини ўқитишда турли кейсларни қўллашнинг ўзига хос жиҳатлари, инновацион педагогик технологияларнинг аҳамияти борасида фикр алмашилди,–дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти декани Дилноза Холмуродова.

–Ҳозирги кунда чет тилини ўқитиш ва чоғиштирма таржимонлик масалалари филология соҳасида долзарб йўналишлардан бири ҳисобланмоқда,–дейди Гулистон давлат университети чет тили кафедраси мудири Абдушохид Пазилов. –Мазкур йўналишда фаолият юритаётган профессор-ўқитувчиларимиз халқаро стажировкаларда кўникмаларини ошириб келишган бўлса, бугунги анжуманда ушбу кўникмалар амалиётда қай даражада қўллангани ҳамда эришилган натижалар бўйича маъруза қилишди. Мазкур натижалар халқаро ҳамкорларимиз томонидан юксак баҳоланди.

[gallery-19817]

Хуллас, Сирдарёда офлайн ва онлайн тарзда ўтказилган халқаро илмий-амалий анжуманда университет ва институтларнинг  профессор-ўқитувчилари шуъбаларга бўлинган ҳолда  филология истиқболлари ва чет тилларда ўқитишнинг амалий имкониятларини  муҳокама қилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири