Хоразмда ана шу мавзуда халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университетида ташкил этилган мазкур халқаро илмий-амалий анжуман улуғ ўзбек шоири, хаттот, мусиқашунос, таржимон ва давлат арбоби Комил Хоразмий таваллудининг 200 йиллиги ҳамда Хива хони, шоир ва бастакор Муҳаммад Раҳимхон Феруз таваллудининг 180 йиллигига бағишланди.
Анжуманда Туркия Республикасининг Карабук ва Бошкент университетлари, Озарбайжон Фанлар академиясининг Низомий номидаги адабиёт институти олимлари, Урганч давлат университети филология ва санъат факультети жамоаси ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари онлайн ва офлайн тарзда иштирок қилишди.
Конференцияда адабий жараёндаги жонланиш, анъанавий мавзуларнинг янада бойишида, жанрларнинг шаклий ранг-баранглашувида Комил Хоразмий яратган шеърият бўстонининг ўрни ҳамда Феруз мумтоз шеъриятининг ғоявий мазмуни тўғрисида атрофлича сўз юритилди.
Анжуманнинг “Хива адабий муҳити: анъана ва маҳорат”, “Огаҳий адабий анъаналарининг Феруз ижодига таъсири хусусида баъзи мулоҳазалар”, “Лирик – романтик ҳикоятларининг поэтикаси”, “Хоразмдан Анадолуга, Анадолудан дунёга ҳазрат Мавлоно”, "Хоразм адабий муҳитида чистон жанри ривожида Алишер Навоий таъсири" мавзуларида маърузалар тингланди.
[gallery-23746]
“Филология ва санъатшуносликнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуманнинг бадиий қисмида санъат кафедраси профессор-ўқитувчилари Комил Хоразмий қаламига мансуб мумтоз мусиқаларни жонли ижро этишди. Талаба-ёшлар ҳам ўзларининг мусиқий чиқиш ҳамда саҳна кўринишларини намойиш этдилар. Анжуман иштирокчилари ёшларнинг истеъдод ва маҳоратларини юқори баҳолади.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари